Шубҳасиз, Чемпионлар Лигаси нимчоракфиналидаги энг қизиқарли ўйинлар - «Реал» ва «ПСЖ» қарама-қаршлигидир. 

Иккала жамоа финалда дуч келса, ҳеч ким ҳайрон қолмасди, аммо қуръа уларни 1/8 финалда юзлаштирди.

Парижликлар учун бу ўйин жуда муҳимдир. Клуб раҳбарияти бир неча йиллардан буён нуфузли мусобақа ғолиби бўлишни орзу қилмоқда. Ёзда таркиб ҳам шунга яраша кучайтирилди. Неймар ва Мбаппе трансферлари айнан Чемпионлар Лигасидаги ғалабани кўзлаб, амалга оширилди.

«Реал» - ғолиблик руҳиятига эга жамоадир. Ички чемпионатдаги муаммоларга қарамай, жамоа Чемпионлар Лигасида зафар қучиш учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб қолмоқда. Аммо қаторасига учинчи марта мусобақада ғолиб чиқиш осон бўлмайди.

Қарама-қаршиликнинг қизиқарли фактлари:

Жамоалар ўзаро 6 марта тўқнаш келган, ҳар иккаласида иккитадан ғалаба бор. Агар фақат плей-оффни назарда тутсак, «ПСЖ» икки ўйин натижасига кўра, ҳар доим ғалаба қозонган.

«Реал» еврокубокларнинг ўз майдонида ўтказилган сўнгги 17та ўйинида мағлубиятга учрамаган.

«Реал» сўнгги марта Франция клубига 8 йил олдин ютқазган (Чемпионлар Лигаси нимчоракфиналида «Лион»га). 

Мадридда французлар фақат бир марта ғалаба қозонганлар («ПСЖ» Кубок эгалари кубоги 1993/94 чоракфиналида).

Мураббийларнинг фикрлари:

«ПСЖ» бош мураббийи Унаи Эмери фикрига кўра, унинг шогирдлари мадридликлардан чўчимайди ва ғалаба қозонишга тайёрлар.

«Бу ўйин ўз кучимизни намойиш қилиш учун ажойиб имконият. Нималарга қодир эканимизни кўрсатишимиз шарт.
Бизга турнир рекордчиси - 11 марта ғолиб чиққан жамоа дуч келади. Биз рақибни ҳурмат қиламиз, аммо уни мағлуб этишга қодирмиз ва бунга тайёрмиз.

Мен жамоамга тўлиқ ишонаман. Бизга оғир бўлиши шубҳасиз, аммо босим уюштирган ҳолда, ўз кучимизни кўрсата оламиз.

«Реал» энг кучли таркибини туширишига ишонаман. Ўз навбатида, биз ҳам. Бу ўйин ҳар иккала жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мен кучлиларга қарши ўйнаш ва уларни енгиш учун бу ерда ишлаяпман. Бундай курашлардан завқ оламан» - деди Эмери.