Пёнгчангдаги медиа-қишлоқда кореялик журналист жонсиз ҳолда топилди
Қишки Олимпиада ўтаётган Пёнгчангда ОАВ ходимлари яшайдиган медиа-қишлоқда кореялик журналист жонсиз ҳолда топилди. Бу ҳақда Олимпиада ташкилий қўмитасида маълум қилинди.
Журналист 55 ёшда бўлган. У япон телекомпанияларидан бирида таржимон бўлиб ишлаган.
Ташкилий қўмита вакили Сон Пэк Юнинг айтишича, журналистнинг хонадоши уни уйғотмоқчи бўлганда, ўлик ҳолда эканлигини аниқлаган.
Марҳумни таниганларнинг айтишича, у бундан аввалроқ ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган. Полиция ушбу ҳодисани тергов қила бошлаган.
Олимпиада ташкилотчилари кўнгилни хира қилувчи баъзи вазиятларга дуч келишмоқда. Хусусан, Олимпиадада 250 га яқин одам, жумладан спортчилар норовирус билан зарарланишган. Шунингдек, ташкилотчилар кўп миқдордаги одамлар чипталарни қайтариб бермоқчилигидан шикоят қилишмоқда.