KUN.UZ таҳририятига Молия вазирлигида ўтган йилнинг 23 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисдан ёзиб олинган аудиоëзув етиб келди. Унда молия вазири Жамшид Қўчқоров гапирган бўлиб, у 22 декабрдаги Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисининг эртаси куни бўлиб ўтган.

«Кеча президентимизнинг менга эътироз билдирганлари тўғри бўлди. Мен сизларга айтиб қўяй: йил охиригача, бир ҳафта ичида Молия вазирлиги тизимида кўпчиликнинг жавобини бериб юбораман. Кўпчиликни. Ким шу кунгача пишқириб, ўзини ҳаммадан катта қўйиб, одамлар билан нописандлик билан гаплашиб юрган, муттаҳамлик қилган бўлса, ҳаммасининг жавобини берамиз», - деган Жамшид Қўчқоров.

Шунингдек, Ж.Қўчқоров Назорат-тафтиш бош бошқармаси ҳақда ҳам фикр билдириб ўтган.

«Энди КРУга (Назорат-тафтиш бош бошқармаси) ишга ўтаман, деб юрганлар бу фикридан қайтиб қўя қолсин. Битта катта туман шифохонасига бориб олиб, ҳар куни чой, ҳар куни обед... Бу ревизорлар нонуштани ҳам ўша ерга бориб қилади. Нонуштани! Эй, ёрилиб кетинглар. Яна бориб ҳамшираларга тегажонлик қилганлари қанча. Муттаҳам ревизорлар. Шифохонага бориб: менга ҳамширани олиб кел, массаж қилсин, деб айтади булар. Тошкент шаҳар КРУсининг жавобини бервориш керак, муовинлари ҳам ҳайдалади, ҳамма ерни шарманда қилиб ташлади», - деган у аудиоёзувда.

«Бу гаплар молия тизимида юз йилдан бери айтилмаган гаплар. Шу ерда 19 йил вазир ўринбосари бўлиб ишладим. Жуда кўпчиликни яхши танийман. Бирортангни ҳам аяб ўтирмайман, чунки президентимиз жуда ҳам қаттиқ норозилик билдирдилар. Битта нарсани аниқ ва равшан тушуниб олинглар: бизнинг президентимиз Молия вазирлигига ишонмайдилар. Умуман ишончлари йўқ. Нима учун менга муҳлат бердилар?! Чунки мен шу комплекс раҳбари бўла туриб молия тизимини тозаламадим. Ҳалигача ҳаммасини ҳар куни эшитиб ўтирибдилар. Ҳамманг ҳақида маълумот бор. Ревизорлар – маст бўлиб, думалаб, ашулалар айтиб... Нима мен осмондан тушганманми?! Ҳаммангни биламан», - деган у.

«Олдин бу ерда бир доҳий вазир бўларди. Ҳеч нарсани эшитмай, кўрмай юрарди. «Бўрибосарларни юборинг, бўрибосарларни» - бўрибосар эмас, шоқол улар! Ўлакса ейдиган, кучсизларга тегинадиган шоқоллар! Бу нарса фақат КРУга тегишли эмас, молия, ғазначилик», - дейилади аудиоёзувда.

«Молия вазирлигида бир пайтлар Раҳматилла Турсунов деган кадрлар бошлиғи бўлган. Уни ўзи биринчи президент ҳайдаб юборган. У бу ерда ўзининг Перетолчин (Сергей Перетолчин – Молия вазирлигининг кадрлар бошқармаси собиқ бошлиғи ҳақида гап кетяпти) деган одамини ташлаб кетган. У Перетолчин бу ерда миллионер бўлиб кетди. Бу ерда менинг гапларимни эшитаётганлардан қанчадан қанчаси унга пул бериб, ишга ўтган. У ҳаттоки вазир ўринбосарларига сакрай бошлади. Вазирликнинг чириб кетганидан бир мисол. Мана шу кадрлар бўлими бошлиғи Меҳриддин Абдуллаевнинг ёқасидан олиб: Мен сени йўқ қиламан, деган. Ўшанда оддий вазир ўринбосари эдим, менга айтди: Менга айтмайсизми, ҳозир мана шу фавворага олиб бориб чўктириб ташлайман, дедим. Вазир ўринбосари эдим ўшанда, Азимов вазир бўлса ҳам: Нима ҳақи бор унинг вазир ўринбосарига сакрашга, дегандим. Мана нима даражага келдилар! Сизлар келиб, ташидинглар унга. Ҳамманг ташидинг. Молия вазирлигидаги энг бой одамга, доллардаги миллионерга айланди у. Топшириқ бердим: битта-битталаб топиб чиқасизлар - кимни Перетолчин қўйган бўлса, кимни Азимов қўйган бўлса, ёки ўша Азимовнинг ялтоқларини, атрофида юрган кучукчаларининг биронтаси қолмай йўқ бўлсин! Котиба бўлса ҳам йўқ қилинглар!», - деган Қўчқоров.