«KUN.UZ» таҳририятига Наманган вилоятининг Чортоқ туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Унинг мазмуни қуйидагича:

“Чортоқ тумани ҳудудида боғ барпо этиш масаласида Наманган вилояти, Чортоқ тумани ҳокими номига 2011 йилда ариза билан мурожаат қилинган. Мазкур аризага кўра, туман ҳокимининг 2011 йил 10 октябрдаги 788-сонли қарори билан, "Чортоқ мева узум" агрофирмаси ҳудуди 569-контуридан 3,0 га, 556-контуридан 3,6 га ижара асосида (2011 йилдан 2060 йилгача жами 50 йил муддатга), жами 6,6 га ер ажратилган.

Ажратилган ер майдонларида ишчи кучи ёлланиб ерни тозалаш, керакли ишлов бериш амалга оширилиб, мазкур ҳудудда 1 гектардан жами 6 та боғ барпо этилган. 2017 йилда мазкур ҳудуд республика ер фонди захирасида эканлиги ҳақида маълум қилингандан сўнг, боғ эгалари томонидан боғни қайта расмийлаштириб бериш масаласида туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилинган, лекин ариза ҳокимлик томонидан кўриб чиқилмаган, унга расман жавоб берилмаган.

Ҳозирги кунга келиб туман ҳокимлиги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати томонидан боғни бузиб ташланиши айтилмоқда. Боғ жойлашган ҳудуднинг адирликда жойлашганлиги, балл бонитетининг пастлиги (55 балл бонитети) туфайли мазкур ҳудуд фақат боғдорчилик учун қулай ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур боғда мевалар ҳосилга кириб, бир нечта оилалар мазкур боғ орқали рўзғор тебратиб келишмоқда.

Боғни бузиб ташланиши оқибатида бир неча оилалар тирикчилик манбаисиз қолишини инобатга олган ҳолда ушбу масалада амалий ёрдам беришингизни сўрайман. Барча ижарачилар номидан Олимжон Мажидов”.

Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Чортоқ туманида бўлиб, боғбонлар, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, туман ҳокимлиги мутасаддиларининг фикрларини атрофлича тингладик.

Боғбон Олимжон Мажидовнинг айтишича, туман ҳокимининг қарорига биноан “Zafar Zohid Sardorbek” фермер хўжалиги ихтиёрига ажратилган, кейинчалик туман захирасига олинган 6,6 гектар ер майдонида интенсив боғ барпо этилиб, ундан ҳозирга қадар ўнга яқин боғбон фойдаланиб келмоқда.