Фарғона вилояти, Бешариқ туманидан: “Бизни ҳудудга ҳам бир келиб кетинглар. Зора тўпланган муаммоларимиз ечим топса...” дея қилинган илтимоснома бизни бефарқ қолдирмади.

Дарҳақиқат, 215 минг нафардан зиёд  аҳоли истиқомат қиладиган туманда амалга оширилиши лозим бўлсада пайсалга солинаётган ишлар бир талай экан.

Бешариққа боргач, шуни англадикки, муаммоларнинг барини бир мақолага жойлашнинг имкони йўқ. Шунинг учун аҳоли учун энг долзарб бўлган беш муаммога тўхталишга қарор қилдик.

Бешариқ бозори қайдадур...

Қадимдан: “Юрт фаровонлигини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорига бор” дейишган.

2012 йили Бешариқ ҳокимлиги ҳукуматимизнинг тегишли қарорларига “лаббай” дея жавоб бериб, туман марказига аҳолини турмушида керак бўлган барча турдаги маҳсулотлар билан савдо қилувчи бозорларни бир жойга кўчиришга бел боғлайди.

Фуқаролар келиб-кетишига қулай бўлган ҳудуд  - Дўстлик кўчасидан жой танланиб, кийим-бош, хўжалик моллари, ёғоч ва бошқа қурилиш маҳсулотлари билан савдо қилувчи, замонавий кўринишдаги бозорлар қурилади.

Бу вақтгача аҳоли барча турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини Ё.Абдуллаев ва И.Бухорий кўчаси кесишмасида жойлашган “Деҳқон бозори”дан савдо қилиб олар эди.

2014 йили Дўстлик кўчасида “Турон саноат-савдо комплекси” АЖ ихтиёридаги 210та турғун савдо шохобчаси, 50та мавсумий савдо расталарига эга, устав фонди 6 миллиард сўм бўлган бозор 2,5 гектар жойда қад ростлайди. “Янги бозор”га бир гуруҳ тадбиркорлар яхши ниятда фаолият юритиш учун кўчиб ўтади. Буюм бозори ёнида қурилиш моллари билан савдо қилувчи “Бешариқ қурилиш савдо” жамиятига қарашли бозор ҳам ишга тушади.

Мазкур савдо мажмуаларида тегишли ҳужжатлар асосида иш юритадиган, маҳаллий бюджетга вақтида барча тўловларни амалга оширадиган тадбиркорлар фаолиятини бошлайди.

Бироқ, туман ҳокимлиги ва Давлат солиқ инспекцияси “Деҳқон бозори”дан “Янги бозор”га тадбиркорларни жалб қилишга жуда ҳам бош қотиравермайди. Аҳоли эски жойга ўрганганлиги учун “Деҳқон бозори”га бораверади. Барча солиқлар тўлаб, меъёрий ҳужжатлар асосида “Турон саноат-савдо” бозорида иш олиб бораётган тадбиркорларнинг борган сари фиғони фалакка чиқаверади. Мурожаатлар бесамар, аризалар ижросиз қолади.