2018 йил 26 февраль куни Женевада Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигини нишонлаш доирасида ташкил этилган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 37-сессияси иш бошлади.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинаётган сессиянинг олий даражадаги Сегментида 180 дан зиёд мамлакатдан 3 мингдан ортиқ вакил, жумладан, давлат ва ҳукумат, вазирликлар, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Йиғилишнинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Зейд Раад ал Ҳусайн ва БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси раиси Мирослав Лайчак сўзга чиқишиб, бутун дунёда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини қайд этишди.
Адлия вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу тадбирда Ўзбекистон номидан Адлия вазири Русланбек Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси ходимлари иштирок этмоқда.
Олий даражадаги Сегментда иштирок этар экан, Адлия вазири Р.Давлетов тадбир иштирокчиларини Ўзбекистонда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг ушбу соҳада БМТ билан ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши билан таништирди. Хусусан, халқаро аудиторияга Ўзбекистоннинг халқ билан мулоқотни ривожлантириш, мамлакатимизнинг турли бурчакларида фаолият юритувчи Халқ қабулхоналари орқали уларнинг шикоят ва мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, жойларда долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни комплекс равишда ҳал этиш бўйича ўзига хос тажрибаси етказилди.

Жиноятчиликка қарши курашишнинг бутунлай янгича, энг аввало, жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни эрта аниқлашга йўналтирилган тизимини жорий этиш масаласи алоҳида таъкидланди. Суд-ҳуқуқ соҳаси ва жиноятни фош этиш тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Судьялар олий кенгашининг таъсис этилгани, янги иқтисодий ва маъмурий судларнинг тузилгани, юртимизда илк бор жорий этилган фуқароларни афв этиш, жиноятчиликда ноқонуний далил турларини қабул қилиш, айниқса жисмоний куч ишлатиш ва бошқа зўравонлик турларини қўллашга йўл қўймаслик бўйича талабларнинг амалга оширилишига доир дастлабки натижалар тақдим этилди.

















