Жаҳон | 16:20 / 28.02.2018
21518
2 дақиқада ўқилади

КХДР етакчиларининг Бразилияга тегишли паспортлари сурати эълон қилинди

КХДР етакчиси Ким Чен Ин ва унинг марҳум отаси Ким Чен Ир 1990-йилларда алдов йўли билан қўлга киритилган Бразилия паспортларидан фойдаланишган. Ҳужжатлар фотонусхаси Reuters агентлиги томонидан эълон қилинди.

Агентликнинг Европа махсус хизматларидаги манбаларига кўра, бу паспортлар ғарбдаги камида иккита мамлакат элчихонасига виза олиш учун тақдим этилган.

Агентлик суҳбатдоши сўзларига кўра, шу тариқа Шимолий Кореядаги ҳукмрон оила вакиллари мамлакатдан эҳтимолий қочиш вариантларини қидирган бўлиши мумкин эканига оид тахмин бор.

Шимолий Кореядаги ҳукмрон оила аъзоларининг фотосуратлари бўлган паспортлар Йозеф Пхак (туғилган санаси – 1983 йилнинг 1 феврали) ва Ижонг Чои (туғилган санаси – 1940 йилнинг 4 апрели) номига расмийлаштирилган. Туғилган жойи ҳақидаги бандда ҳар бир паспортда Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳри кўрсатилган. Шунингдек, уларга Бразилиянинг Прагадаги элчихонаси муҳрлари қўйилган, улар санаси – 1996 йилнинг 22 феврали.

Бу паспортлардан Бразилия, Япония ва Ҳонгконгга сафарлар учун фойдаланишган бўлиши мумкин, дея маълум қилишди Reuters манбалари, гарчи бу ҳужжатлар бўйича визалар берилганига оид аниқ маълумотлар йўқ.

Бразилия Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжатлар нусхаси пайдо бўлгани муносабати билан ички суриштирув ўтказилаётганини маълум қилди. Бразилия томони сўзларига кўра, паспортлар сохта каби кўринмаяпти ва ҳақиқатдан ҳам сохта одамлар номига расмийлаштирилган.

Мавзуга оид