Жаҳон | 07:45 / 05.03.2018
10933
2 дақиқада ўқилади

Шарқий Ғутадаги ҳарбий амалиёт вақтида 600 киши ҳалок бўлди – БМТ

Фото: Samer Bouidani / Global Look Press

БМТда Шарқий Ғутада Сурия ҳукумат кучлари ҳарбий амалиётни бошлагандан кейин неча киши ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани ҳисоблаб чиқилди. БМТ маълумотларига кўра, 18 февралда бошланган жанговар ҳаракатлар натижасида 2 ҳафта ичида 600 га яқин киши ҳалок бўлган, 2 минг киши яраланган. Бу ҳақда БМТнинг Суриядаги инқироз бўйича гуманитар ёрдами координатори Панос Моумцис маълум қилган. 

Бу одамлар орасида ўнлаб оддий фуқаролар бор. БМТ вакилининг маълум қилишича, уларнинг барчаси Шарқий Ғутадан Дамашқ томон ҳаво ва ердан зарбалар бериш натижасида жабр кўришган. Моумцис бу вазиятни “чидаб бўлмас” деб атаган.

“Биз бу ерда жуда зарур бўлган ўт очишни тўхтатиш амал қилиши бошланиши ўрнига ҳарбий ҳаракатлар кўпаётгани, кўп миқдорда ўлимлар ва очарчилик ҳақида хавотирли хабарлар кўпаётгани ҳамда шифохоналар бомбардимон қилинаётганини кузатмоқдамиз”, деб айтган Моумцис. У бўлиб ўтаётган воқеаларни тинч аҳолининг “оммавий жазоланиши” деб атаган.

2012 йилдан бери Суриянинг мухолиф ва радикал гуруҳлари томондан ушлаб турилган Шарқий Ғутада 18 февралда Сурия ҳукумат кучларининг ҳарбий операцияси бошланди. Шу куни ҳудуд оммавий ракета, артиллерия ҳамда ҳаво ҳужумларига учраган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид