Ўзбекистон Республикасининг амалдаги солиқ қонунчилигида жисмоний шахсларнинг даромадларидан прогрессив ставкаларда солиқ ундирилиши кўзда тутилган. Бир вақтнинг ўзида бир нечта манбалардан даромад олаётган жисмоний шахсларнинг даромадларини тўлов манбаларида тўлиқ солиққа тортиш солиқ органлари томонидан якуний ҳисоб-китоб тақдим этилган жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида амалга оширилади.

Фуқаролар жами йиллик даромадлари тўғрисида декларацияни топшириш орқали, давлат ва жамият олдидаги конституциявий бурчларини бажариш баробарида жами даромадлари, тўлаган солиқлари миқдори ва ўзларининг жамғариб бориладиган пенсия бадали бўйича шахсий ҳисобварақларидаги маблағлар тўғрисида маълумотга эга бўлишади.

Шунингдек, декларация тақдим этиш натижасида уларга солиқнинг ортиқча тўланган қисмини бошқа солиқлардан бўлган қарзи учун ўтказиш ёки бошқа солиқлардан қарзи бўлмаган тақдирда қайтариб олиш имкони яратилади.

Бундан ташқари, асосий бўлмаган иш жойларидан даромад олган жисмоний шахслар декларация тақдим этиш жараёнида амалдаги солиқ қонунчилигида кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Масалан: I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ўз мулкида бўлган мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича тўланган солиқларни жами йиллик декларацияни тақдим этиш орқали қайтариб олишлари мумкин. Чунки, улар Солиқ кодексининг 180-моддаси иккинчи қисмига асосан даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинган.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, даромадлар тўғрисидаги декларациянинг кимлар томонидан топширилиши, тақдим этиш тартиби ва муддатлари юзасидан яна бир бор тушунтириш бериб ўтамиз.

Декларацияни ким топширади?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан 2017 йил давомида:

- мулкий даромад олган (агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса)*;
- фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромад олган;
- асосий бўлмаган иш жойидан моддий наф тарзидаги даромад олган;
- икки ёки ундан кўп манбадан солиқ солинадиган даромад олган;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан даромад олган;