Ўзбекистон | 13:27 / 07.03.2018
37184
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳар 100 та уй хўжалигига нечтадан автомобиль ва компьютер тўғри келиши айтилди

Фото: KUN.UZ

2017 йил якунларига кўра, 100 та уй хўжалигига тўғри келган шахсий компьютерлар 50 донани ташкил этган бўлса, 2000-2017 йиллар мобайнида уяли алоқа телефонлари билан таъминланганлиги 14,4 баробарга ошди (2017 йил якунига келиб ҳар 100 та уй хўжалигига 257 тадан, яъни ҳар бир уй хўжалигига 2,6 тадан уяли алоқа телефонлари тўғри келди). Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси сайтида хабар қилинган.

Аҳолининг шахсий енгил автомобиллар билан таъминланганлик даражаси 2017 йил якунларига келиб ҳар 100 та уй хўжалигига 44 тага етди. 

Шунингдек, ҳар 100 та уй хўжалигига тўғри келган телевизорлар сони 154 тани ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 1,7 мартага ошган. 

Бундан ташқари, кондиционерлар – 34 дона (2000 йилга нисбатан ўсиш - 3,1 баробар), электр чангютгичлар – 54 дона (ўсиш 1,8 баробар), кир ювиш машиналари – 80 донани (ўсиш 1,1 баробар) ташкил этди.

Ушбу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, бугунги кунда аҳолининг кундалик ҳаётида зарур бўлган товарлар қаторида электр чангютгичлар, кир ювиш машиналари, компьютерлар ҳамда кондиционерлар каби маиший техника воситаларига ҳали ҳамон эҳтиёж мавжуд.

Ўз навбатида, ушбу маълумотлар республикада бу каби товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда хорижий давлатлардан товарларни импорт қилувчи ташкилотлар учун эгалланмаган катта қисмдаги истеъмол бозорининг мавжуд эканлигидан далолат беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид