Kun.uz Фарғона водийси бўйлаб ижодий сафарини Риштон туманидан бошлади. Ушбу тумандаги деҳқон бозорида тадбиркорларга тегишли дўконлар ва умумий овқатланиш корхоналари туман ҳокимлиги ташаббуси билан бузиб ташланаётгани, боз устига, тадбиркорларга ҳеч қандай компенсация ваъда қилинмаётгани ҳақидаги эътироз ва шикоятлар ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинди, таҳририятга ҳам ушбу масалада мурожаат қилинди.
Биз бу ерда юз бераётган ҳодисалар билан воқеа жойида танишиш, мутасаддилардан изоҳ сўраш учун Риштон деҳқон бозорига кирдик.

Тўғриси, жуда кўплаб туманларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги «2017–2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ–2853 сонли қарорини бажариш юзасидан бозорларлардаги мавжуд эскирган иншоотлар бузиб ташланиб, замонавий лойиҳалар асосида янгилари барпо этилмоқда.
Бироқ адолат юзасидан қайд этиш керакки, Риштонда бузилаётган дўкон ва бошқа иншоотлар яқинда, замонавий қилиб қурилган, кўпчилик туманлардагининг олдида тўйга борарди.

Февраль ойи бошида Риштон туманида ҳоким ўзгарди. Ғайратали Турғунович Мамадалиев ўз аризасига кўра ишдан бўшатилиб, туман раҳбарлигига шу пайтгача Сўх тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган Таваккалжон Эсоналиевич Раҳимов сайланди. Янги ҳоким Риштонда туғилган, илгари шу туманда ИИБ бошлиғи вазифасида ҳам ишлаган.
Тадбиркорлар Kun.uz мухбирлари билан суҳбатда бузиш ишлари 9 февраль куни бозор паттачилари томонидан бошлаб юборилганини билдиришди. Туман ҳокимининг қарори эса 17 февраль куни чиққан. Туман ҳокими қарорида бозор кенгайиши муносабати билан аҳолининг турар жойлари ва нотурар жойлари бузилиши уларга етказилган зарарлар қопланиши санаб ўтилган. Бироқ дўконлари бузилаётган тадбиркорларга тегишли мулк ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ.





















