Жаҳон | 01:25 / 10.03.2018
31662
2 дақиқада ўқилади

“АҚШнинг энг пасткаш одами” қамоқ жазосига маҳкум қилинди

Фото: AFP

АҚШ суди тадбиркор Мартин Шкрелини фирибгарлик қилиш айблови билан 7 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди

Шкрелига баъзи ОАВ томонидан “АҚШнинг энг пасткаш одами” деган ном берилган. 2015 йилда у “Дараприм” дори воситаси учун ҳуқуқни сотиб олиб, унинг нархини бир таблеткаси учун 13,50 доллардан 750 долларгача ошириб юборган.

Ушбу дори воситаси иммунитети паст одамларга, мисол учун, ОИВ-касалланганларга белгиланади ҳамда ҳаётий зарур дорилар рўйхатига киради.

Суд, шунингдек, айбланувчига 75 минг доллар миқдорида жарима тўлаш ва етказган 7,3 млн доллар зарарни қоплаб бериш мажбуриятини қўйган. Бунинг учун Шкрелининг бир қисм мол-мулки сотилиши мумкин.

Суднинг қарори тадбиркорнинг иккита хеж-фонди – MSMB Capital ва MSMB Healthcare’да қимматбаҳо қоғозлар билан фирибгарликлар билан боғлиқ бўлган. Прокуратура Шкрели ўзи асос солган Retrophin фармацевтик компанияси активларини икки фонднинг алданган сармоячиларига тўловларни амалга ошириш учун ноқонуний сарфлаб юборганини ўрнатган.

Айтиш жоизки, Шкрелига қўйилган айбловлар дори воситаси нархини ошириши билан боғлиқ можарога тааллуқли бўлмаган.

Мавзуга оид