Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 март куни Тожикистон Республикасига ташриф буюрди. Мазкур ташриф амалий жиҳатдан ҳар иккала мамлакат учун ҳар томонлама имконият эшиклари очилишига туртки бўлиши кутилмоқда. KUN.UZ таҳририяти мазкур тарихий воқеа муносабати билан ҳуқуқшунос, халқаро экология, инсон ва табиат хавфсизлиги фанлари академияси аъзоси Анвармирзо Хусайнов билан Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи лойиҳаси борасида суҳбатлашди. Олим минтақадаги муаммоларни ҳал этиш, хусусан, Оролни сақлаб қолишга қаратилган лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди.

Анвармирзо Хусайнов

—  Қадимдан ўзбек ва тожик миллатлари ҳақида ажойиб бир нақл юради: «Икки тилда сўзлашувчи бир халқ». Бу икки миллатнинг қардошлиги жаҳон тарихида камдан-кам учрайдиган мисолдир. Бугун Самарқандда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг ҳайкали қад ростламоқда. Бу қадимий Самарқандни безайди, икки миллат қадрдонлигини мустаҳкамлайди. 

Роғун ГЭСи мавзусига тўхталиб ўтадиган бўлсам, бу лойиҳага бошида берилган баҳо нотўғри бўлган. Бошида энг баланд тоғ чўққисида бу ГЭС қурилса, унда 10 млрд куб сув йиғилса, эрта-индин, Худо кўрсатмасин зилзила бўлса, Тожикистон ва Ўзбекистон шаҳарлари сув остида қолади деган фикрга тўхталинар эди. Мана шунинг натижасида икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашди, чегарaлар ёпилди, деворлар тортилди. 

XXI аср замонавий илм-техникаси нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, бундай қўрқувларга асос йўқ. Бу лойиҳага пул ажратган халқаро ташкилотлар ГЭСнинг хавфсизлигини, албатта, инобатга олишган. Агар сув омбори мустаҳкам қилиб қурилса, у 9 балли зилзилага ҳам чидаши мумкин. Бунга Марказий Осиё давлатлари миқёсида қурилган ва фойдаланилаётганига 30-40 йиллаб вақт бўлган сув омборларини мисол қилиб келтирса бўлади.

Гап шундаки, мана шу вазиятдан фойдаланган четдаги кучлар бор эътиборни шунга қаратди. Натижада, икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашди. Бугунга келиб, биз – олимлар жамоаси мана шу Роғун ГЭСи орқали Марказий Осиёдаги давлатларда учрайдиган сув муаммосини ҳал этиш лойиҳасини яратдик. Бу ГЭСнинг қурилиши Амударё қирғоқларида жойлашган тўртта давлат – Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон ва Туркманистон учун ўта манфаатлидир. 

Бугун биз Роғун ГЭС қурилишини қўллаб-қувватлаймиз. Менимча, давлат раҳбарининг фикри шунга яқин ва ёки айнан шундай. Бугунги кунда Тожикистон ҳукуматининг катта бош оғриғи бор. Роғун ГЭСи 2020 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Ҳозир қурилиш кетяпти. Сув омборининг баланд жойи 135 метр бўлади, кейинчалик бу кўрсаткични 335 метргача кўтариш мўлжалланган.