Бирор бир партиянинг аъзоси эмасман. Очиғи, бунга эҳтиёжим бўлмаган. Бироқ, журналист сифатида, партиялар фаолиятидан озми-кўпми хабарим бор. Мақсад-вазифалари (улар бир-бирига ўхшаб кетса-да) нималардан иборат эканини биламан. Партияларнинг дастурлари, Сайловолди Платформалари билан танишман.

Бугун депутатларимиз фаолиятида бир оз жонланиш сезилаётгандай. Бироқ Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлангандек, «парламентимиз фаолияти кўп ҳолларда шунчаки расмий йиғилишлардан иборат бўлиб қолмоқда».

Давлатимиз раҳбарининг «Нима учун аниқланган муаммолар ёки сайловчилар кўтараётган масалалар тегишли қонунлар қабул қилиш йўли билан ёки ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиш билан ҳал этилмаяпти?» – деган саволи ҳамон жавобсиздек назаримда.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бўйича ҳукуматга киритилган депутатлик сўрови инобатга олинди. «Автотест-Репорт» МЧЖнинг монапол ҳуқуқи бекор қилинди. Халқ ноибларининг бу ҳаракати ижтимоий тармоқларда оламшумул қаҳрамонлик сифатида олқишланди.

Ўзбекистон тарихида биринчи бор Вазирлар Маҳкамаси қарори юзасидан киритилган депутатлик сўрови аслида ҳам қаҳрамонлик эди.

Яқинда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Тошкент шаҳар Юнусобод туман кенгаши томонидан аъзоликка таклиф этилдим. Бу мени қувонтирди. Чунки миллатимиз зиёлиларини ўз атрофида бирлаштирган партия аъзолари сафида забардаст шоир ва ёзувчилар, журналистлар, илм-фан намояндалари, маданият ва санъат аҳли борлигини яхши биламан.

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг Устави ва Дастури, Сайловолди Платформасини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Партиянинг дастурий мақсад-вазифалари билан танишиш асносида Президентимизнинг бир саволи ёдимга тушди: «Қачон парламент, майли, кўп эмас, ҳеч бўлмаса битта соҳани тубдан яхшилашга қаратилган қарор ёки қонун ишлаб чиқади? Қачон бўлади бу иш?»

«Миллий тикланиш»нинг Сайловолди Платформасида «давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштиришга, тил маданиятини, ўзаро муомала сифатини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларининг бузилишини олдини оладиган аниқ мақсадли ишларни олиб бориш» дастурий вазифаси белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майда қабул қилинган «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонида янги олий таълим муассасасига «ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш, турли мавзу ва йўналишлар бўйича луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар яратиш» вазифаси юкланган.