Жамият | 09:44 / 15.03.2018
49852
3 дақиқада ўқилади

Тўйга сарфланган ўртача маблағга нималар қилиш мумкин эди?

Халқаро Пресс клубнинг 14 март куни бўлиб ўтган сессиясида ўртача тўйга қилинадиган харажатга нималар қилиш мумкинлигига доир маълумотлар тақдим этилди. Айрим экспертлар Ўзбекистонда тўй маросимларига ўртача ҳисоблаганда 3 млрд доллар пул сарфланишини айтган бўлса, бошқа бири ўзбек тўйларига сарфланадиган пуллар бир йилда 12 трлн сўмдан ортиқ бўлишини таъкидлади.

Сессия модератори Шерзодхон Қудратхўжаев ХПК ҳам тўй харажатларини тахминан ҳисоблаб чиққани ва унга нималар қилиш мумкинлиги ҳақида фикрлар билдириб ўтди. 

Фото: Халқаро Пресс клуб

Унга кўра, келин харажатлари, мебель, сеп-сарпо, ош, парда, фотиҳага сарфланадиган пуллар, куёв томон харажатлари, кортеж пули кабилар эътиборга олинган. Хусусан, таъкидланишича, катта ресторанда бугунги кунда никоҳ тўйини ўтказиш ўртача 10 минг АҚШ долларига тенг (Тошкент шаҳри мисолида). 

“Биз ўртача 160 млн сўм пул кетади, деб ҳисобладик. Бугунги кунда бу пулга Тошкент шаҳри атрофидаги 3 та тумандан бирида 13 сотих ерга иссиқхона қуриб, даромад олса бўлади. Ёхуд 2700та парранда боқиб, кунига 2500та тухум сотса бўлади. Бу ҳам бизнес қилишнинг бир тури. Балиқчиликни биз ҳисобламадик. 18 бош сигир харид қилса бўлади. 3200 туп интенсив мевали боғ барпо қилиш мумкин эди, битта тўйга сарфланган пулларга. Маҳаллий университетларда 17 талабанинг бир марталик шартнома пулини тўлаш мумкин. Болалар ўйнайдиган майдонча ёки футбол майдончасини қуриш учун 18 млн.дан 30 млн.сўмгача маблағ сарфланади”, - деди Қудратхўжаев. 

Фото: Халқаро Пресс клуб

Унинг сўзларига кўра, маҳаллаларда ҳам 4-5 та данғиллама уй туради, аммо ўша уйларнинг ёнидан ўтилса, йўллари хароб аҳволда бўлади. Бирортаси шу йўлни асфальтламайди. 
“Бундан ташқари, 4-5 та қаср туради, ёнгинасида камбағалроқ, қийналган одам бор. Тўй қиласан, жипингда ойнани ёпиб ўтиб кетасан. Мусулмоннинг мусулмонга кўмак бериши вазифаси эканидан келиб чиқиб, шунга ёрдам берса қанчалик яхши. Тўғри уни боқиманда қилиб қўйиш эмас, балки фарзанди зеҳнлидир, аммо ўқишга киролмаётгандир. Шунга ёрдам берса бўлади, ахир”, -  деди ХПК раиси. 

Мавзуга оид