«Инсоният тарихида кўплаб ваболар бўлган ва айнан шу даврларда буюк асарлар яратилган. Яъни инсон ўзини англаш, мушоҳада қилиш даври бу. Бугун жамият ўйлаяпти! Аввал 6-7 фоизгина одамда ҳақиқий мушоҳада қилиш ва фикрларини қоғозга тушириш қобилияти бўлган бўлса, бугун ижтимоий тармоқлар ривожи туфайли бу кўрсаткич анча ошди», – дейди Қудратхўжаев.
– Мушоҳада тўғрисида гапирдингиз. Бугун мушоҳада учун вақтимиз етарлича, қадриятлар тўғрисида ўйлаб олиш имконияти бор.
– Назаримда, инсоният тарихи 2019 йил ва ундан кейинги даврга бўлинади. Бу пандемия тўғрисида жаҳон миқёсида кинолар ишланади, асарлар ёзилади. Бугун қадриятларни қайта баҳолайдиган пайт келди.
Фарзандимизга илм берадиган ўқитувчиларни кўнгилдагидек ҳурмат қилмадик, бугун ишимиз тушиб турган шифокорларни керак бўлса урдик ҳам. Лекин синовли онларда ким аслида кимлиги билиняпти. Бутун халқ жипс бўладиган, ҳаммасидан керакли хулоса чиқарадиган кунлар келди бугун.

– Ўзбекистон анча йиллар ёпиқ давлат бўлиб келди. Сиёсатчилар, санъаткорлар, журналистларнинг кўпи «запрет»га тушди. Сизнинг фаолиятингиз телевидение билан бевосита боғлиқ. Ҳозир ҳам қандайдир тақиқлар борми?
– Бизда шу кўп соҳалар қатори ОАВ фаолиятига жиддий салбий таъсир кўрсатган «запрет» деган бир бало бор эди. Тасаввур қилинг, агар биз ёпиқ давлатлигимизча қолганимизда, бугун ҳам асл вазиятни билмай ўтирардик. Нафақат санъаткорлар, сиёсатчилар, балки қатор бошқа соҳа вакиллари ҳам «запрет» мазасини «татиб кўришди».
Шахсан ўзим ҳам президент матбуот хизматида ишлагандан кейин 9 йил муддат тақиқда бўлдим. Бу ҳақда ҳеч гапирмагандим, Kun.uz сайти муштарийлари биринчи бўлиб эшитишмоқда. Мана, телевидениега қайтдим, ишлаяпман. Халқаро пресс-клуб жамоаси қатор мукофотларга лойиқ кўрилди. Буларнинг ҳаммаси учун президентимизга миннатдорчилик билдираман.
Худога шукр, бугун сўз эркинлиги, халқимизни нима ўйлантираётган бўлса, тўғридан-тўғри эфирларда бемалол гапиряпмиз, муҳокамалар қиляпмиз.
– Ўзи умуман «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди ташкил этиш ғояси қандай туғилган ва бу фонд фаолияти ҳақида ҳам маълумот берсангиз?
– Аслида бу фонд Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида шу пайтга қадар ҳам бўлган, лекин эҳтиёж бўлмаганлиги сабаблими, ишламай турган. Бугунги кунда нафақат давлат, балки юртдошларимиз, тадбиркорлар ва турли ташкилотлар ҳам эзгу ишга бош қўшадиган пайт. Шуни ҳисобга олиб, фонд фаолияти жонлантирилди. Қуръони Каримнинг Бақара сурасида хайрияни ибрат бўлиши учун ошкор қилишга ҳам даъват қилинган.









