Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари М.Музаффаров ва Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ.Саидов номидан Каттақўрғон туманида 14 март куни содир бўлган бахтсиз ҳодиса юзасидан расмий ахборот берилди.

Унда кейинги кунларда интернет сайтларида ва турли ижтимоий тармоқларда 14 март куни Каттақўрғон туманида содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳақида берилган хабарлар нотўғри талқин қилингани келтирилган.

«Кейинги кунларда интернет сайтларида ва турли ижтимоий тармоқларда 14 март куни Каттақўрғон туманида содир бўлган бахтсиз ҳодиса тафсилотлари эълон қилинди. 

Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура идоралари қуйидагиларни маълум қилади:

2018 йил 14 март куни соат 13:00да Каттақўрғон тумани Алижон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-37 йўлининг 66-километрида Акрамжон Бозорович Элмуродов Зарифжон Рижабоевич Исроилов номига расмийлаштирилган «КамАЗ» русумли 30 Y 275 JA давлат рақамли автомашинасини бошқарув ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз Самарқанд йўналиши томон бошқариб бориб, йўлни кесиб ўтаётган Диана Александровна Енекеевани уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. 

Д. Еникеева олинган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Марҳум Еникеева Диана Александровна, 1995 йил 14 июнда Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Миллати – рус. Маълумоти – ўрта-махсус. Каттақўрғон туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси. Оилали, 1 нафар фарзанди бор. Каттақўрғон шаҳар Хоразмий кўчаси, 14-уйда яшаган.

Ҳайдовчи Элмуродов Акрамжон Бозорович, 1980 йил 20 апрелда Нарпай туманида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – ўрта. Муқаддам судланмаган. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланади. Нарпай туман, Т.Розиқов маҳалласи Баландбоғ қишлоғида яшайди. 

Туман прокурори томонидан жиноят ишини сифатли ва ҳар томонлама холисона тергов қилиш юзасидан ёзма кўрсатма берилган.

Тергов ҳаракатлари олиб бориш жараёнида Д.Еникееванинг ўлими сабаби юзасидан судга оид тиббий экспертиза ҳамда йўл-улов ҳодисаси содир этган «КамАЗ» русумли юк автомашинаси бўйича судга оид автотехника экспертизаси тайинланган.

Ўрганишлар натижасига кўра, мактаб ўқитувчилари, жумладан Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган.