Сир эмаски, шу вақтгача Тошкентга келган меҳмонларни аэропорт ташқарисида кутиб турувчи хусусий таксичилар мижозларни меъёридагидан бир неча баробар юқори нархларда манзилга элтишга одатланган, баъзида иш фирибгарлик даражасигача етиб борган. Бундай ҳолатни кўрсатувчи видеолавҳа яқинда интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб, кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган эди.
Бундан ташқари, ноқонуний киракашлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларнинг ўзини тутиши, кийими, муомаласи, маданияти, унинг бошқарувида бўлган автоуловнинг техник ва гигиеник ҳолати ҳам талаб даражасида бўлмасди.
Узоқ йўлдан чарчаб келаётган одам ҳали аэропорт ҳудудидан чиқмасидан «такси керакми, фалон сўмга олиб бориб қўяман» дея, унинг қўлидаги юкига ёпишиб, ҳар томонга тортқилаши, ҳатто мижоз талашиб бир-бирлари билан ёқа бўғишишлари эса юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар ва сайёҳларда ёқимсиз таассуротлар қолдириши тайин.


Бундай нохуш ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қатор тадбирлар амалга ошириладиган бўлди. Жумладан, аэропорт биносига автомашиналари белгиланган талаблар асосида жиҳозланган, ҳайдовчилари хушмуомала, тоза ва озода кийимда бўлган такси хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун махсус жойлар ажратилди.
Такси корхонаси номи, хизматлар нархи ҳақидаги ўзбек, рус ва инглиз тилларида маълумотлар жойлаштирилади.
Эндиликда пойтахтимизга учиб келган меҳмонлар, аэропорт ҳудудидан чиқмасдан туриб ўзларига маъқул бўлган тадбиркорлик субъектларининг сифатли хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғилланиш ҳолатларига барҳам бериш мақсадида, Тошкент халқаро аэропорти билан ҳамкорликда аэропорт ҳудудидаги автомобиллар тўхташ жойларига ноқунуний фаолият учун белгиланган жазо чоралари ҳақида эслатма тарзидаги ахборот стендлари жойлаштирилди.















