Жаҳон | 07:56 / 01.04.2018
7302
2 дақиқада ўқилади

Трамп Amazon’ни фирибгарликда айблади

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда 3 кун ичида иккинчи марта дунёдаги энг йирик интернет-ритейлер Amazon’ни танқид қилди. Унинг айтишича, Amazon учун буюртмаларнинг етказилиши АҚШ почта хизматининг ҳар бир жўнатма учун ўртача 1,5 доллар йўқотишига олиб келади. 

“Умумий ҳисобда бу миллиардлаб долларларни ташкил қилади”, деб ёзган Трамп.

“Почта хизмати билан бу фирибгарликни тугатиш керак. Amazon ҳозироқ реал нархларга кўра ҳақ (солиқ) тўлаши лозим!”, деб ёзган Трамп. У, шунингдек, Amazon асосчиси ва асосий акциядори Жефф Безосга тегишли The Washington Post нашрини “ёлғончи” нашр деб атаган.

Бу Трампнинг 3 кун ичида Amazon’ни иккинчи марта танқид қилишидир. 29 мартда ҳам Трамп Amazon қолган компаниялардан фарқли, “ёки умуман солиқ тўламайди, ёки жуда кам тўлайди”, почта хизматидан мамлакат учун катта йўқотишлар билан “курьер” сифатида фойдаланади ва соҳадан қолган ритейлерларни сиқиб чиқаради, деб айтган.

Бундан аввалроқ Axios сайти номи маълум қилинмаган манбаларга таяниб, Трамп Amazon’ни “ўлгудек ёмон кўришини” маълум қилган. Bloomberg’нинг ёзишича, бунинг ортида Amazon’нинг капиталлашуви 53 млрд долларга камайиб кетган. 29 мартда савдолар ёпилиши вақтида компаниянинг капиталлашуви 700 млрд долларни ташкил қилган. 30 март куни эса АҚШда савдолар Пасха байрами арафасида ўтазилмаган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид