1 апрель куни Бухоро вилоятида "Насриддин Афанди" фестивалига старт берилди. Фестиваль доирасида 10 дан ортиқ лойиҳа ўтказилиши белгиланган бўлиб, шундай лойиҳалардан бири Шарқ таомлари ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмалари, ширинликлар, қандолат, салат ва карвинг санъати бўйича маҳорат дарсларидир. KUN.UZ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Лойиҳанинг энг азиз меҳмонлари Туркия ва Япония давлатларидан ташриф буюрган маҳоратли ошпазлар ҳам бу тадбирда фаол қатнашишди. Қизиғи шундаки, меҳмон-ошпазлар тадбирда қатнашиш билан бир вақтда вилоят аҳли ҳамда чет эллик сайёҳлар учун миллий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат дарсларини олиб боришмоқда.


«Насриддин Афанди» фестивали доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари ўз миллий таомлари жой олган тўкин байрам дастурхонини ёзишди. Айниқса, Ғиждувон ва Шофиркон туманларининг байрам дастурхонлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Бухорода ўтказилаётган «Насриддин Афанди» фестивали иштирокчиларнинг тантанали юришлари билан бошланди. Фестиваль иштирокчилари «Арк» қўрғонидан "Лаби-ҳовуз" мажмуасига қадар бўлган масофани босиб ўтишди. Иштирокчилар қаторидан вилоят мусиқали драма театри актёрлари, ёшлар, бир гуруҳ санъат вакиллари жой олишган. Тантанали юриш манзилга етиб келгунга қадар томошабинларни ҳам ўз сафига чорлади.

«Насриддин Афанди» фестивали иштирокчиларининг тантанали юришлари байрамона кайфиятда ўтди. Уларнинг қувноқ ҳазиллари, ажойиб рақслари, афандинамо кийимларининг бари вилоятимиз аҳли билан биргаликда чет эллик сайёҳларни ҳам ўзига жалб этди.























