Мексика сенати 3 апрелда барча балоғатга етган марҳумларни автоматик равишда донор қаторига киритишни кўзда тутувчи соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотини маъқуллади.
“Соғлиқни сақлаш ҳақидаги умумий қонуннинг тана аъзолар донорлиги қисмини ислоҳ қилиш бўйича қарор 75 та овоз билан маъқулланди. Бир киши қарши чиқди, бир киши бетарафлик билдирди”, деб айтилган сенат хабарида.
Ислоҳотга кўра, тиббий қарши кўрсатмалар бўлмаганда ўлган одамларнинг тана аъзолари ва тўқималари донорлик мақсадида автоматик равишда, улар яқинларининг розилигисиз олиниши мумкин.
Бу қоидадан ягона истисно марҳум ўлимигача унинг тана аъзолари кўчириб ўтказиш учун қўлланишига рози эмаслигини билдирган ёзма ҳужжат ҳисобланади.
Мексикада 18 ёшга етганлар балоғатга етганлар ҳисобланади. Янги ўзгаришлар кучга кириши учун энди депутатлар палатасида маъқулланиши керак.















