Шу йилнинг 30-31 март кунлари Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан ОАВ вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди. Ундан кўзланган мақсад, Ўзбекистон сарҳадларини қўриқлаш, мамлакатдаги тинчлик-осойишталикни таъминлашда чегарачилар хизмати қанчалик салмоқли экани, қолаверса журналистларни чегарани қўриқлашдаги ўзига хосликлардан хабардор этиш эди. Ушбу саёҳатда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этиб, чегарани қўриқлаш қанчалик масъулиятли, шу билан бирга, машаққатли вазифа эканига ишонч ҳосил қилди. 

18 кишидан иборат журналистлар гуруҳи 30 март куни Тошкент вилоятидаги Ғишткўприк чегара маскани фаолияти билан танишгач, Чирчиқ ҳарбий аэродромидан Испанияда Airbus компанияси томонидан ишлаб чиқилган CASA C-295 MW русумли ҳарбий самолётида Ўзбекистоннинг энг жанубий шаҳри – Термиз томон парвоз қилдик. 

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Ҳарбий самолётда илк бор парвоз қилаётганимиз, айтиш мумкинки, барча журналистлар учун қизиқ ва мароқли бўлди. Қолаверса, чегарачилар либосида эканимиз, бизга ўзига хослик тақдим этганига қарамай, юмшоқ ўриндиқларда ўтириб ўрганганимиз туфайлидир, атиги 1,5 соатлик парвоз сўнггида қандайдир чарчоқ сезила бошлади. Термиз аэропортига эсон-омон қўниб, ҳарбий самолётни тарк этарканмиз, жанубнинг иссиқ ҳавоси димоғимизга урилди.

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz