Саудия Арабистони ва SoftBank Group 200 гигаватт (ГВт) қувватга эга қуёш электростанцияси қурилиши бўйича 200 миллиард долларлик англашув битимини имзолади. Унинг қанчалик кераги бор эди? Forbes шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Бутун дунёда бу йўналиш шиддат билан ривожланаётган бир вақтда ҳам Саудия Арабистонининг қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича режалари катта қизиқиш уйғотмоқда. Афтидан, бу мамлакат ҳукумати ўз электр энергиясини анъанавий Яқин Шарқ мамлакатларидаги углеводород ёқилғиси (табиий газ ва бошқа кўплаб мамлакатлар электр энергетикаси учун ноёб бўлган нефть)дан қайта тикланувчи энергия манбаларига интенсив ўтказиш тўғрисида стратегик қарор қилган кўринади.

Умуман олганда, Яқин Шарқда қуёш энергетикасидан фойдаланиш шартлари анча қулай: қуёш радиациясининг юқори ўртача йиллик даражаси қуёш қурилмалари самарадорлиги ошишини таъминлайди. Бундан ташқари, Саудия Арабистони қуёш қурилмалари билан банд қилиш мумкин бўлган етарлича майдонга эга, бу ҳам муҳим аҳамиятга эга — 200 ГВт қувватга эга бўладиган қуёш электр станцияси майдони тахминан 1000-1500 кв километрга тенг бўлади.

Лойиҳа кўлами

Эълон қилинган лойиҳа кўлами жуда кенг: 200ГВт — бу Саудиядаги амалдаги энергетика қувватидан тахминан 2,5 баравар катта ва бутун Россия энергетика тизими қувватига мувофиқ келади. Шуниси қизиқки, жорий йилнинг бошида Дубайда ва Абу-Дабида ҳам 5 ГВт'ли қуёш электр станциялари (CSP) қурилишига доир режалар ҳақида хабар қилинган эди.

Шу ўринда табиий савол туғилади: агар бу лойиҳаларнинг бари амалга оширилса, ўзаро рақобатга киришувчи бу станциялар электр энергиясининг истеъмолчилари кимлар бўлади?

Афтидан, Саудия Арабистони электр энергияси экспортчиси бўлишни режалаштирмоқда, бироқ бунинг учун кенг кўламли электр етказувчи линиялар қурилиши талаб этилади, бу эса йўқотишларга олиб келиши табиий. Электр энергиясини етказиб беришда йўқотишларни минимал даражага туширишни таъминловчи технологик қарорлар бор, масалан, доимий токдаги линиялар, бироқ уларни ташкил қилишда доимий токни ўзгарувчанга ўтказишда қўшимча харажатлар пайдо бўлади.

Лойиҳа муваффақиятли якун топган тақдирда, у мамлакатнинг технологик имкониятлари намунасига айланади. Унинг режалаштирилган қуввати мавжуд ва эълон қилинган қуёш станциялари ва ГЭС, ИЭС ва АЭС'лардан юзлаб баравар юқори.