Ўзбекистон | 14:03 / 05.04.2018
67866
2 дақиқада ўқилади

ИИВ Жиззахдаги даҳшатли ЙТҲ ҳақида расмий маълумот берди

Фото: sangzor.uz

4 апрель куни соат 12.40ларда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида Жиззах шаҳар Сўғдиёна кўчасида яшаган, 1990 йилда туғилган А.М. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинани “Жиззах-Гагарин” 4Р-35 йўлининг 49-километрида ҳайдаб кетаётиб, қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган Арнасой тумани “Олтинводий” маҳалла фуқаролар йиғини А.Қодирий кўчасида яшаган, “Қордаги қоплан” масъулияти чекланган жамияти ҳайдовчиси, 1992 йилда туғилган С.Ё. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина билан тўқнашув содир этиши оқибатида иккала автомашина тўлиқ ёниб кетган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.

Дастлабки аниқланган ҳолатлар натижасида, “Нексия” русумли автомашина ҳайдовчиси А.М. ва унинг йўловчилари – Жиззах шаҳар “Олмазор” МФЙ Тошлоқ кўчасида яшаган 1985 йилда туғилган Ж.А., Дўстлик тумани А.Навоий МФЙ Н.Бегим кўчасида яшаган 1974 йилда туғилган Р.О. ҳамда “Нексия” русумли автомашина ҳайдовчиси С.Ё. ва унинг йўловчилари – Пахтакор тумани “Сувонқишлоқ” маҳалласида яшаган 1972 йилда туғилган Л.А., Зафаробод тумани “Узун” маҳалласида яшаган 1998 йилда туғилган Н.Қ., Арнасой тумани “Ғолиблар” МФЙ Тошкент кўчасида яшаган 1997 йилда туғилган О.А., Жиззах шаҳар “Заргарлик” маҳалласида яшаган 1986 йилда туғилган Ф.Ш. воқеа жойида ҳалок бўлган. 

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳалок бўлганларнинг шахсига тааллуқли бошқа маълумотларга аниқлик киритилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида юз берган ЙТҲда 8 киши ҳалок бўлгани хабар берилганди.

Мавзуга оид