Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг асосий фаолият йўналишлари, унинг Низоми ва таркибий тузилмаси бугунги шиддатли давр талабларига тўла жавоб бермаяпти. Бозор иқтисодиёти ва глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ ҳозирги мураккаб шароитда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган машаққатли ижодий меҳнатини муносиб қадрлаш, адабиёт ва санъат соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, бадиий ижод аҳлининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, истеъдодли ёш ижодкорларни тизимли асосда тарбиялаш ва бошқа ўта муҳим йўналишларда оқсоқликка йўл қўйилмоқда.

Қарор билан республика Маънавият ва маърифат кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда ижодий жамоатчиликнинг:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг жамиятимизда миллий ғоя, янгича тафаккур ва дунёқарашни ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

Уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириш, уларни халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини, эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган туб ўзгаришларни теран акс эттиришга қаратилган юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш;

Уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун ҳар томонлама шароит яратиб бериш, машаққатли ижодий меҳнатини адолатли баҳолаш;

Уюшманинг обрў-эътибори ва юксак мақомини муносиб сақлаш, унинг сифат таркибини яхшилаш мақсадида ушбу ташкилотга аъзоликка қабул қилиш бўйича замонавий ва таъсирчан мезонларни белгилаш; 

катта истеъдод ва юксак гражданлик позициясига эга бўлган кекса авлод вакилларининг ижодий салоҳияти ва маҳоратидан ёшларни кенг баҳраманд этиш;

ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун чуқур ўйланган, замонавий илм-фан ютуқларига асосланган инновацион усулларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

дунё адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш, мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириш ва чет элларда тарғиб этиш тизимини яратиш;