Жамият | 01:22 / 08.04.2018
16732
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда тўртта нодавлат мактабгача таълим муассасаси ишга туширилди

Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида мазкур соҳа олдидаги долзарб вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб берилди. Фармонга мувофиқ, давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қўшимча барпо этиш орқали болаларни мактабгача таълим билан босқичма-босқич тўлиқ қамраб олиш, болаларга мактабгача таълим-тарбия беришнинг муқобил турларини амалиётга жорий этиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.

Самарқанд шаҳридаги «Мингтут» МФЙда янгидан барпо этилган, 120 нафар тарбияланувчига мўлжалланган «Эртаклар олами» нодавлат мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокимлиги ходимлари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, халқ таълими ва мактабгача таълим соҳаси раҳбар ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов кенг дунёқараш, пухта билим ва салоҳиятга эга авлодни вояга етказиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этди ва бу борада ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Самарқанд шаҳар мактабгача таълими бўлими мудири З.Нуриддинов Kun.uz’га қисқача интервью берар экан, шаҳарда бу борада амалга оширилаётган ва келгусида режалаштирилган вазифаларга тўхталиб ўтди:

— Шаҳримизда мактабгача таълим ёшидаги 37.542 нафар бола бор. Айни пайтга қадар уларнинг 22 минг нафардан ортиғи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Бу, ўз навбатида, шаҳримизда узлуксиз таълимнинг мазкур босқичини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширишни, илғор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни тақозо этади. Шу боис жорий йил давомида шаҳар ҳудудида 50 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Бугун «Эртаклар олами» нодавлат мактабгача таълим муассасаси билан бираликда яна 3 та — «Умка Н», «Асалина Гўзалина» ҳамда «Advantage smart kids» нодавлат мактабгача таълим муассасалари фойдаланишга топширилмоқда. Яна 20 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётир. 2019 йилнинг охирига қадар шаҳримизда истиқомат қилаётган 3–7 ёшдаги барча болажонларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишни мақсад қилганмиз.

Самарқанд шаҳрида янги ташкил этилган «Эртаклар олами» нодавлат мактабгача таълим муассасаси 120 нафар тарбияланувчини қамраб олиш қувватига эга. Нодавлат мактабгача таълим муассасалари давлат стандартларига мувофиқ, боғчада кутубхона, мусиқа ва спорт заллари, ётоқхона, ошхона, фитобар, жисмоний тарбия ҳамда ўйин майдончалари мавжуд.

Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид