«Трибуна» Англия премьер-лигасининг 33-тур учрашувларининг асосий воқеаларини келтиради.

Гвардиола: қаторасига иккинчи мағлубият

Фото: Премьер лига

«Манчестер Сити» - «Манчестер Юнайтед» - 2:3 (2:0)
Голлар: Компани, 25 (1:0). Гундўған, 30 (2:0). Погба, 53 (2:1). Погба, 55 (2:2). Смоллинг, 69 (2:3).

Ўйиндан кейинги флэш-интервью вақтида «Манчестер Сити» устози Хосеп Гвардиолага одатдаги савол берилди: «Бугун нима бўлди?». Мураббий эса кулди ва оддийгина жавоб қайтарди: «Биз 2:3 ҳисобида ютқаздик».

Бу вазиятда у кулгилик эмас, йиғламоқдан бери эди. «Манчестер Сити» биринчи бўлимда «Юнайтед»ни қисмларга бўлиб ташлади, Гвардиоланинг шогирдлари майдоннинг ҳар қисмида тўла устунлик кўрсатишди, «қизил иблислар» эса жуда ёмон ўйин кўрсатишди, «шаҳарликлар» жамоаси мухлислари чемпионликни нишонлашга ҳозирлик кўра бошлашди. Аммо чемпионлик учун иккинчи бўлим бошида икки гол ўтказиб юбормаслик керак эди.

Фото: Премьер лига

Иккинчи бўлим бошида «Этиҳад»да сочининг бир қисмини кўк рангга бўяган Поль Погба ўзини кўрсатди ва дубль қилиб, ҳисобни тенглаштирди. Кейин эса Смоллинг стандарт вазиятдан гол уриб, жамоасига ғалаба келтирди. 

Фото: Премьер лига

«Танаффусда Моуриньо биз «Сити» чемпион бўлишини томоша қилиб турадиган масхарабозлар бўлмаслигимиз кераклигини айтди», деди ғалаба голи муаллифи ўйиндан кейин микст-зонада берган интервьюсида.

«Юнайтед» кутилмаганда ашаддий рақибини сафарда енгди ва уларнинг ўз майдонларида чемпионликни тантана қилишларига тўсқинлик қилишди. 

Лекин ўйиндан кейинги матбуот анжумани вақтида Жозе Моуриньо ҳамкасби Хосеп Гвардиолани чемпионлик билан табриклаб улгурди.

Ҳозирча «Манчестер Сити» чемпионликни қачон ва қаерда тантана қилиши маълум эмас. Жамоа кейинги турда «Тоттенҳэм» меҳмони бўлади, унгача, сешанба куни Чемпионлар лигаси доирасида «Ливерпуль»га қарши муҳим баҳс ўтказилади.