ИНТЕР – РОМА (7 декабрга ўтар кечаси, 00:45)

Ниҳоят турнир жадвалининг энг юқорисига қайтган «Интер»ни навбатдаги жиддий синов кутиб турибди. А Сериядаги сўнгги олти ўйиннинг бештасини ўз фойдасига ҳал қилган «Рома» аҳволини бироз ўнглаб олди ва учинчи ўринга жуда яқин келди. Қолаверса, бу икки рақибнинг сўнгги ўзаро ўйинлари ҳам жуда муросасиз кечган: охирги уч ўйинда уч дуранг қайд этилган. Қизиғи, ҳар учала ўйинда ҳам ҳисобни меҳмонда тўп сураётган жамоа очган, мезбонлар якунда ҳисобни тенглаштириб, мағлубиятдан қутулиб қолишган.

Учрашувга эътиборни оширган яна бир ҳолат, Италиянинг энг машҳур нашрларидан бири Corriere dello Sport нашрининг ушбу ўйинга бағишланган муқоваси бўлди. Газетада «Интер» ҳужумчиси Ромелу Лукаку ҳамда «Рома» ҳимоячиси Крис Смоллингнинг расмлари берилган ва «Қора жума» деб тагсўз ёзилган. Бу клублар, мухлислар ва жамоатчилик томонидан катта резонанс келтириб чиқарди. Нашрни расизмда айбламоқда.

Жамоалар таркибига назар ташлайдиган бўлсак, Алексис Санчес ва Николо Барелла «Интер» сафига қайтишига яна камида бир ой бор. Шунингдек, Стефано Сенси сонидан олган жароҳати туфайли майдонга туша олмайди. Меҳмонлардан эса, Жастин Клюверт ва Давиде Дзаппакоста тикланиб улгургани йўқ. Хавьер Пасторе лазаретни тарк этган бўлса-да, ҳали машғулотларга тўлиқ киришмади. Уни ҳам майдонда кутиш бефойда.

Ушбу ўйин кейинги ҳафтада, сешанба оқшомида «Барселона»га қарши кечадиган муҳим учрашув олдидан бўлиб ўтаётгани «Интер»нинг зарарига ишлаши мумкин. ЕЧЛнинг кейинги босқичига чиқиш учун миланликлар ғалаба қозонишлари шарт. Турли фронтларда курашиш, ротация қилиш ва кучларни тақсимлаш борасида муаммолар мавжудлигини эса «Интер» мураббийи ўша машҳур матбуот анжуманида айтиб ўтганди. 

ЭВЕРТОН – ЧЕЛСИ (7 декабрь, 17:30)

Ливерпул дербисидаги мағлубиятдан сўнг «Эвертон» ҳам бош мураббийи Маркус Сильвани истеъфога чиқарди. Албатта, бу қарорга фақат «Ливерпуль»дан қабул қилинган мағлубият сабаб бўлмади. «Эвертон» АПЛда қаторасига уч ўйинда мағлуб бўлди, турнир жадвалида 18-ўринга тушиб кетди. Ёзда деярли топ-6 даражасида трансфер харажатлари қилган, таркибида «Арсенал», «Барселона» ва «МЮ» каби жамоаларнинг собиқ аъзолари тўпланган «Эвертон» бу даражада шўнғиши керак эмасди.

Жамоани вақтинча Дункан Фергюсон бошқариб туради. Шотландиялик мутахассис ўз вақтида «Эвертон» таркибида олти йил тўп сурган, 2014 йилдан эса, клуб тизимида мураббий сифатида фаолият олиб бораётанди. Бошқа тарафдан, вазият у қадар қўрқинчли эмас ҳам, аслида «Эвертон»ни турнир жадвалининг биринчи ярмидан, жумладан, ЕЧЛ ўринлари учун даъвогар бўлган «Арсенал», «Тоттенҳэм» каби жамоалардан атиги 5-6 очко ажратиб турибди. Яъни муваффақиятли ўтказиладиган 2-3 ўйин вазиятни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Ёмон томони мана шу ўйинларнинг кимлар билан ўтказилиши – «Эвертон» кейинги 4 ўйинни «Челси», «Манчестер Юнайтед», «Лестер» ва «Арсенал»га қарши ўтказади.