Иқтисодиёт | 16:16 / 11.04.2018
6197
2 дақиқада ўқилади

Цукербергнинг АҚШ сенати олдидаги чиқишидан сўнг Facebook акциялари 4,5 фоизга ўсди

Фото: Reuters

Марк Цукербергнинг АҚШ сенати олдида маълумотлар тарқалиши билан боғлиқ чиқишидан сўнг Facebook компанияси акциялари 4,5 фоизга ўсди.

Цукерберг Конгрессда пайдо бўлиши билан компания акцияси нархлари 2 фоизга ўсди. 4,5 фоизлик ўсиш 2016 йилнинг апрелидан буён фоизларда ўсишнинг энг юқори кўрсаткичини қайд этди. 

10 апрель куни Цукербергнинг молиявий ҳолати 2,7 миллиард долларга ошиб, 67 миллиард долларни ташкил қилди. Bloomberg Billionaires Index кўрсаткичлари шундан далолат бермоқда. 

Цукерберг ўз нутқини фойдаланувчилар олдида узр сўрашдан бошлади ва маълумотларнинг тарқалиши унинг хатоси эканини таъкидлади. Сенатнинг ижтимоий тармоқ Faсebook'нинг рекламасиз версиясига рўйхатдан ўтишнинг тўлов тизимини киритишни режалаштираётгани ёки йўқлигига доир саволига Марк "йўқ" дея жавоб берди. У бундай ғоя компания моделига зид келишини қўшимча қилди. 

Цукербергнинг сўзларига кўра, Cambridge Analytica билан боғлиқ можаро сабаб компания ички тергов ўтказмоқда, у ижтимоий тармоқнинг фойдаланувчилар маълумотлари билан ишловчи ички иловаларини қамраб олади. 

Facebook раҳбари ижтимоий тармоқ бутун дунё бўйлаб фойдаланувчилар учун GDPR (Маълумотлар муҳофазасига доир умумий регламент) асосий пунктларини амалга оширишни режалаштираётганини қайд этди. 

У шунингдек ижтимоий тармоқ Cambridge Analytica'га 2015 йилда платформада реклама сотишни тақиқлаши керак бўлганини, бироқ бундай қилмаганини тан олди. Компания фойдаланувчилар маълумотлари йўқ қилингани ҳақида хабар қилганидан сўнг Facebook компанияси Cambridge Analytica'ни блоклашни  тўхтатганди — бу хато бўлган, деди Цукерберг.

 

Мавзуга оид