Жаҳон | 11:20 / 15.04.2018
3269
2 дақиқада ўқилади

Черногорияда президентлик сайлови бошланди

Фото © РИА Новости/Алексей Витвицкий

Маҳаллий вақт билан соат 07:00да Черногорияда сайлов участкалари очилди ва сайловчилар мамлакат президентини сайлаш учун кела бошлашди. Мамлакатда жами бўлиб 1214та сайлов участкаси очилган.

Давлат сайлов комиссияси ҳисобларига кўра, мамлакатнинг 532 мингдан ортиқ фуқароси сайлов ҳуқуқига эга ҳисобланади. Сайлов жараёни бир қатор нодавлат ташкилотлар томонидан кузатиб борилмоқда.

Президентлик учун 7 номзод кураш олиб бормоқда. Булар: Марко Милачич, Младен Боянич, Хазбия Калач, Василие Миличкович, Добрило Дедейич, Мило Жуканович ва ягона аёл номзод Драгиня Вуксанович. 

Сайловда мамлакатнинг энг машҳур сиёсатчиси 56 ёшли Мило Жуканович фаворит ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, сиёсатчи сайловларнинг 1-босқичидаёқ 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплай олади.

Собиқ Югославия давлатлари ичидаги энг кичиги бўлмиш Черногорияда кўп партияли тизим киритилган 1990 йилдан кейин еттинчи марта президент танланади. 

Амалдаги президент Филип Вуянович мамлакатни 15 йил бошқаргандан сўнг ваколатларини топширмоқда. Черногорияда президент 5 йиллик муддатга сайланади ва бу лавозимни қаторасига 2 мартадан кўп эгаллай олмайди. Бироқ 2003 йилда биринчи марта президент этиб сайланган Вуянович билан вазият ўзгача бўлган. Черногория 2006 йилда Сербия ва Черногория иттифоқидан чиқиб, мустақиллигини эълон қилгандан кейин Вуянович мандати бошқатдан ҳисобланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид