Кейинги пайтларда Тошкент йўлларида тирбандликлар кўпайиб бораётгани ҳаммани ташвишга солмоқда. Дунёнинг барча мегашаҳарларини безовта қилаётган бу муаммо бугун шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларини ҳам қийнаб, беҳуда вақт сарфлашларга, асаббузарликларга, йўл ҳаракати қоидалари бузилишларига сабаб бўлмоқда.

Тўғри, пойтахтимиз йўлларининг кенгайиши, асфальт қатламининг сифат жиҳатдан янгиланиши, кўприклар, йўл ўтказгичларнинг қурилиши, кузатув камераларининг ўрнатилиши муаммони ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Аммо, бу борада ҳали шундай «сунъий» тўсиқлар борки, уларни бартараф этмасдан туриб, йўлларимиз қанчалик равон, кўчаларимиз кенг бўлмасин тирбандлик кўпайса-кўпаядики, камаймайди.

Келинг, масалага оддий йўловчи сифатида ёндошиб, таҳлил қилиб кўрайлик.

Муқаддам Сергелидан марказга — Мустақиллик майдонигача енгил автомашинада келиш учун 20–25 дақиқа сарфланарди. Кейинчалик бу кўрсаткич 30–35 дақиқани ташкил эта бошлади. Ҳозирга келиб эса 40–45 дақиқагача ошди. Ваҳоланки, бу даврда шу оралиқдаги йўллар бир неча бор кенгайтирилди, ўтказувчанлиги оширилди.

Тўғри, аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб, шахсий автомобиллар сони кескин ошганлигини ҳеч ким инкор қила олмайди. Шунга қарамай бугунги кунда шаҳримиз кўчаларидаги тирбандликларнинг бош сабаби светофорларнинг ҳаракат оқими билан мувофиқлаштирилмаганлиги, иш режимининг оқилона белгиланмаганлиги, кўр-кўрона жойлаштирилганлиги билан боғлиқдир.

Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун қайд этилган йўналишдаги автомобиль қатновини тахлил қилиб кўрсак: Янги Сергели кўчасидан келаётган автомашина Ўзгариш даҳасига келганда 1–1,5 км узунликдаги тирбандликка учраши турган гап. Йўлнинг қарама-қарши томонида ҳам шундай манзарани кузатиш мумкин. Сабаб — шу ерда пиёдалар ўтиш жойи ва ён томон — маҳалладан чиқадиган иккинчи даражали йўл кесишмасида ўрнатилган светофор. Унинг яшил чироғи ҳар дақиқада юзлаб автомобилларни ўтказувчи асосий йўлга 40 сония, иккинчи тараф — онда-сонда ўтадиган пиёдалар ва ички кўчадан чиқиб келадиган 3–4 та автомашина учун 20 сония чақнаб туради. Яшил чироқ ёнгач, ҳайдовчи ҳаракатни бошлагунча 7–8 сония йўқотилишини, сариқ чироқ ёниши хавфини туйиб, ҳаракатни секинлаштириши ҳисобига 3–4 сония сарфланишини ҳисобга оладиган бўлсак, яшил чироқнинг автомашиналарни ўтказиш вақти 30 сонияга тенг бўлади. Яна сариқ чироқ, кейин 20 сония қизил чироқ, хуллас бир дақиқанинг фақат 30 сониясида шоҳ кўчада қатнов амалга ошади.

Агарда асосий йўл учун яшил чироқни 40 сония ўрнига 90 сония қилиб қўйилса, йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти беш–олти баробарга ошган бўларди. Иккинчи даражали йўлдан автомашиналар ва пиёдалар ўтиши учун яшил чироқ учун 12 сония кифоя. Қолаверса 10–15 чоғли автомобиль ва 7–8 пиёданинг 90 сония пойлаб, тўпланиб, йўлдан ўтиши ҳеч ким учун катта фожеа эмас. Асосийси — катта йўлда тирбандлик бартараф этилади.