Ривожланган давлатлар бепул йўлларга муқобил тарзда тирбандликни камайтириш, аҳоли ва юк ташувчи транспортлар учун муҳим йўналишларда вақт тежаш, иқтисодий фаолиятни тезлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш учун пулли йўлларни ташкил қилган. Ўзбекистонда ҳам бу борада бир нечта режалар бор.

Ҳукумат халқаро молия ташкилотлари кўмагида Тошкентдан Самарқанд, Андижон ва Чорвоқ йўналишларида, шунингдек, Урганч–Хива ўртасида пулли йўллар қуришни 2026 йилдан бошламоқчи. Бунгача белгиланган муддатлар бир неча марта кечиктирилганди. Хўш, пулли йўллар ҳақида нималар маълум, нархлар қандай бўлади?

Тошкент–Самарқанд йўли

Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўли Сергели туманидаги Тошкент ҳалқа йўлидан бошланади ва мавжуд трассага параллел тарзда ўтади. Бу ҳақда «Автойўлинвест» агентлиги директори ўринбосари Аслиддин Исаев маълум қилганди.

Қиймати 2,25 млрд долларга баҳоланаётган лойиҳанинг умумий узунлиги 282 кмни ташкил этади. Автомагистралда 12 та кириб-чиқиш терминали бўлиши, ҳайдовчиларга йўлнинг турли нуқталарида магистралга кириш ва чиқиш имконияти яратилиши режалаштирилган.

Йўлнинг техник хусусиятлари қуйидагича: ҳаракат тасмалари 6 та, лойиҳавий тезлик 150 км/соат, кутилаётган автомобил жадаллиги суткасига 50 мингтагача, тасмалар кенглиги 3,75 метр, қурилиш муддати эса 5 йил.

Мазкур автомобил йўли қурилиши натижасида Тошкентдан Самарқандгача бўлган ҳаракат вақти 2−2,5 соатгача қисқариши кутиляпти. Пулли йўлдан фойдаланиш тарифи ҳозирча белгиланмаган.

Тошкент–Андижон йўли

Жорий йилда Қамчиқ довони орқали ўтувчи Тошкент–Андижон пулли йўлини қуриш бўйича ҳам амалий ишлар бошланиши айтиляпти.

Қайд этилишича, водий вилоятларини пойтахт билан боғловчи йўлнинг умумий узунлиги 314 км бўлади. Дастлабки босқичда қиймати 3,66 млрд доллар бўлган 171 км узунликдаги Тошкент–Ангрен–Қамчиқ довони муқобил йўлини қуриш режалаштириляпти. Бунда 33 км узунликдаги 4 қаторли янги туннел ҳам фойдаланишга топширилади. Йўлнинг йиллик тўлов миқдори 465 млн долларга баҳоланган.