Яқинда Ўзбекистон нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимида ҳақиқий ўзгариш юз беради - 1 июлга қадар мамлакатда кобейжинг карталари жорий этилади. Бу қандай карта эканлиги ва мамлакатимиз аҳолиси нега буни шунча узоқ вақтдан бери кутгани ҳақида Ягона умумреспублика процессинг маркази бош директори Аҳрор Маҳмудов маълумот берди.
Кобейжинг карталари бу - бир неча, одатда, иккита тўлов тизими уйғунлигида хизмат кўрсатувчи банк карталари. Яъни, у худди одатий картага ўхшайди, фарқи - ундан ҳар икки тўлов тизими инфратузилмасида фойдаланиш мумкин эканлигида, яъни маҳаллий ва хорижий.
«Сўнгги беш ойда биз кенг миқёсли лойиҳа устида ишлаяпмиз – бу кобейжинг карталарини татбиқ этиш. Бу дегани, битта картада иккита тўлов тизими бирлаштирилади, улардан бири UzCard миллий тизимидир. Иккинчи тўлов тизимини эса эҳтимолий тўрттадан бирини танлаш мумкин - «China UnionPay», «МИР», «Visa» ва «Master Card». Карта эгаси бошқа мамлакатда ушбу карталардан фойдаланганида маблағ керакли хорижий валютага автоматик равишда конвертация қилинади – Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки томонидан ўрнатилган валюталар курси бўйича амалга ошириладиган транзакцияда белгиланган пул миқдори автоматик равишда Хитой юани, Россия рубли, евро ёки АҚШ долларига айлантирилади. Бундай карталарнинг жорий этилиши билан фуқароларнинг конверсион карталарни очишга бўлган эҳтиёжи пасайиши мумкин, сабаби конверсион карталар ўзида бир қатор имкониятларни жамлайди.», - дея аниқлик киритди ЯУПМ раҳбари Аҳрор Маҳмудов.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун мамлакатимиз фуқароларининг талаблари ўрганилиб, энг қулай бўлган хорижий тўлов тизимлари танланди. Мисол учун, агар карта эгаси Хитойга тез-тез қатнайдиган бўлса, унга UzCard ва China UnionPay тизимларини бирлаштирувчи кобейжинг картасидан фойдаланиш қулай бўлади. Россия Федерациясида ишлаётган меҳнат муҳожирлари учун UzCard ва МИР тўлов тизимларини бирлаштириш мақсадга мувофиқдир.
«Тўлов тизимлари рўйхатига «МИР»ни киритиб, биз фуқароларимизнинг Россия Федерациясига, шу жумладан, ишлаш мақсадида тез-тез қатнашларини ҳисобга олдик. Мисол учун, қўлида «МИР» ва UzCard логотиплари уйғунлашган кобейжинг картасига эга бўлган меҳнат мигрантлари унга иш ҳақларини олишлари ва керакли пул маблағини мобил иловалар орқали Ўзбекистондаги оила вакилларига кичик комиссия - тахминан 0,5% эвазига ўтказиб юборишлари мумкин. Бу пул ўтказмаларини амалга оширишга яратилган муқобил вариант ҳисобланади. Бундан ташқари, бу ҳолатда комиссия Россияда эмас, балки бизнинг банкларимизда ечиб олинади», - дейди Аҳрор Маҳмудов.
















