Технология | 07:37 / 17.04.2018
5279
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда дунёдаги энг йирик қуёш электр станцияси қурилади   

Фото: AP

Ҳиндистоннинг Гужарот штати маъмурияти махсус инвестиция ҳудуди Dholera’да дунёдаги энг йирик қуёш боғи қуришга рухсат берди. Бу ҳақда Times of India нашри хабар бермоқда. 

Боғнинг қуввати 5 ГВтни ташкил қилади, унинг қурилиши 2022 йилгача тугатилиши керак. Қуёш боғи Камбей кўрфази бўйлаб 11 минг гектар майдонни эгаллайди. Объект ҳудудда 20 мингдан кўпроқ иш ўрни бериши режалаштирилмоқда. Лойиҳага киритилган инвестициялар ҳажми 4 млрд доллардан ошади. Бундан ташқари, ҳудудда шамол боғи барпо этилади, у ёрдамида 200 МВт электр энергия олинади.      

Янги қуёш боғи мамлакатнинг энергетика сиёсати доирасида қурилади. Бу сиёсат доирасида Ҳиндистон 175 ГВт электр энергия олиши белгиланган. Бугунги кунда Ҳиндистонда 2 ГВтлик дунёдаги энг йирик Pavagada Solar қуёш боғи қурилмоқда.

Дунёдаги энг катта қуёш электр станцияларидан бири, Мисрдаги Benban Solar Park 2019 йил охиригача қуриб битказилади. Унинг қуввати 2 ГВтга яқинни ташкил қилади. Электр станция қиймати нисбатан катта бўлмай, 800 млн долларни ташкил қилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид