Келажакда сайёрамиз аҳолиси янада кўпаяди, озиқ-овқат эса камайиб боради. Шу сабабли олимлар ҳозирданоқ лабораторияларда янги маҳсулотларни яратишга уринмоқдалар. Келажакда одамлар ўзларига зиён етказмаган ҳолда қандай маҳсулотларни истеъмол қилишлари мумкин бўлади? 

Қуйида келажак озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида маълумотлар берилган.

Сунъий гўшт

Фото: Gizmodo

2013 йилда лабораторияда етиштирилган гўштдан тайёрланган котлетали бургер 300 минг доллардан қимматроқ турган, ҳозир эса унинг нархи 10 доллардан сал ошади. Олимлар сунъий гўшт яна ҳам арзонроқ бўлиши ва уни жаҳон бозорига яқин ўн йилликда олиб чиқиш учун уни яратиш технологиясини такомиллаштириб бормоқдалар.

Гўштнинг лабораторияларда етиштирилиши услубларидан аксарияти қон зардобидан олинган ҳақиқий тирик ҳужайраларни қўллашни назарда тутади. Биореакторда ҳужайралардан мушаклар шакллантирилади, айнан шу мушаклар гўштга асос бўлади. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, сунъий гўшт бир қатор устунликлари туфайли талабгир маҳсулотга айланиши мумкин: у табиий гўштникидан ёмон бўлмаган таъмга эга ва арзон туради. 

Ўсимликлардан тайёрланадиган тухумлар

Фото: amazon.com

Бундай тухумлар ўсимлик компонентларидан тайёрланади ва бугунги кунда АҚШ супермаркетларида сотилмоқда. Бу тухумларни асосан вегетарианецлар истеъмол қилишади. Бундай тухумлар ишлаб чиқарувчиларининг таъкидлашича, улар ҳақиқий тухумлардан фойдалироқ ва мазалироқ.   

Бу антиқа маҳсулот фақатгина вегетариан озиқ-овқатни истеъмол қила оладиганлар учун қуймоқ тайёрлаш, пишириқ пишириш, майонез ва бошқа қайлаларда тухум ўрнини боса олади.

3D-принтерда босилган егулик

Фото: 3DPrint.com

Бугунги кунда егуликларни нафақат қайнатиш ёки қовуриш, балки 3D-принтерда босиб чиқариш мумкин – ахир бу жуда тез, қулай ва антиқадир. Бундай ғоя анчадан бери мавжуд ва олимлар яқин келажакда бундай қурилмалар ҳар бир ошхонада пайдо бўлишини прогноз қилишмоқда.