Жаҳон | 14:30 / 19.04.2018
15808
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон бош вазирлигига номзод маълум қилинди

Фото: 24.kg

Қирғизистон президенти аппарати бошлиғи Муҳаммадкалий Абилғозиев ҳукумат раҳбари лавозимига номзодга айланди. Бу ҳақда 24.kg парламентдаги манбаларга асосан хабар бермоқда.

Таъкидланишича, депутатлик корпуси бошқа номзодларни ҳозирча кўриб чиқмайди.

Муҳаммадкалий Абилғозиев Қирғизистон президенти аппарати раҳбари лавозимида бир ойдан бери ишламоқда.

У 1968 йилнинг 20 январь куни Норин вилояти Қўчқор туманида туғилган, Константин Скрябин номидаги Қишлоқ хўжалиги институтини, Қирғизистон Халқаро университетининг иқтисодиёт ва бизнес факультетини тамомлаган. 

Меҳнат фаолиятини 1994 йилда, «Қирғизистон» Молиявий-агросанат компанияси директори ўринбосари сифатида бошлаган. Қирғизистон Ижтимоий фондида турли лавозимларда ишлаган.

2016 йилнинг 13 апрелида Қирғизистон бош вазири биринчи ўринбосари сифатида тайинланган. Сооронбай Жээнбековнинг 22 августдаги истеъфосидан сўнг бош вазир вазифасини бажарган. 2017 йилнинг 12 сентябрига қадар Қирғизистон президенти маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. 

2017 йилнинг 12 сентябрь куни Қирғизистон президенти аппарати раҳбарининг биринчи ўринбосари, 2018 йилнинг 16 мартида Қирғизистон президенти аппаратининг раҳбари этиб тайинланган.

Мавзуга оид