Ўзга давлатдан меҳмонга келган киши мезбоннинг дилини оғритмаслик учун унинг юрти ҳақида иложи борича яхши гапларни айтади. Аслида, ҳар бир ўлканинг сайёҳлар учун табиати, тарихий обидалари, таомлари, мева-чеваларидаги ўзгачаликнинг ўзи ҳайратга солиши тайин.        

Меҳмонлар билан..

Ўтган ҳафта қўшни давлатдан келган бир гуруҳ расмий меҳмонлар билан бир кун бирга юрдим. Мутасадди кишилар томонидан уюштирилган қабулдан сўнг қардошларимиз ҳамкорликни амалга ошириш учун биздаги мавжуд саноат объектлари ва диққатга сазовор жойларни бориб кўришни ихтиёр этишди. Меҳмонларга ҳамроҳлик қилиш билан биргаликда уларнинг ҳар бир борган жойдаги реакциясига эътибор қаратаман. Ярим соатлик сафардан сўнг улардан бири менга: “Сизларда кўчалар доим шундай тоза ва саришта турадими ёки меҳмонлар келишига ҳаракат қилишдими?”, деб сўради. Ободонлаштиришга эътибор доим бир хил эканлигини эшитиб: “Агар бизга меҳмонга борсангиз, кўчаларимиздан уятга қоламиз экан..”, деб қўйди. Бундай мақтовдан дил яйрайди, лекин...

Меҳмонларга ажратилган автобусда, асосан, тадбиркорлар бўлгани учун ҳар бир ишлаб чиқариш корхонасига кириб чиқишимиз билан йўлда иқтисодий таҳлиллар давом этарди. Тўғриси, уларни гап-сўзларини эшитиб, биздаги ривожланишдан кўнгил тўлди. Айниқса, пахтадан ишланган текстиль кийим-кечакларимизнинг сифати уларни жуда ҳайратга солгани, у ердаги меҳнат маданиятини ўрганиш кераклигини таъкидлашгани бор гап. Яна меҳмонлар биздаги меваларнинг мазаси бошқача эканлигини ҳам роса мақташди.  

Ғалати савол

Улардан бири йўлдаги реклама доскасини ўқиб, менга : “До-ри-хо-на. Бу – аптека тўғрими?”, деди. “Ҳа” деган жавобимни эшитиб: “Пойтахтингизда аэропортдан тушиб шаҳарга кирганимдан бери энг кўп учрагани мана шу ёзув бўлди. Ҳамма кўчада дорихона. Вилоятлардаги шаҳар ва туман марказларида ҳам мана шундай экан. Сизларда касаллик кўпми? Баъзи кўчаларда қаторасига беш-олтитадан мана шундай аптекалар. Сабаби, нима?”, деб сўради.

Рости, мен бу саволга тайёр эмас эканман. Шаҳар айланиб, эътибор бериб қарасам ростдан ҳам дорихона дегани тиқилиб кетибди. Авваллари дори-дармон билан савдо қилувчи дўконлар асли тиббиёт муассасалари атрофида бўлгувчи эди. Ҳозир ҳар бир гавжум кўчада тўрттадан экан. Бозорлар атрофи-ку “дори базаси”га айланган.

Ўзим туман марказида яшайман. Эсимни таниганимдан бери маъмурий марказимизда, пештоқига қадаҳга чирмашган илон сурати туширилган биттагина “Аптека” ёзуви бор бино бўлган. Ўша дорихона ҳам қишда грипп оралаганда бир гуриллаб одамларни қабул қилар, бошқа пайт ҳувиллаб ётар эди. Ҳозир, ўша ҳудудда 16 та аптека санадим. Тўғри, аҳоли сони ҳозир бир неча бор ошганини ҳам ҳисобга олиш керак. Бироқ ҳозир туманнинг деярли ҳар бир қишлоқ гузарида ҳам дорихоналар мавжуд. Барча вилоятларимизда шу аҳвол.