Инсон бир йилда қанча балиқ истеъмол қилиши керак?
Балиқ истеъмол қилишнинг минимал меъёр миқдори бир йилда бир киши учун 12 килограммни ташкил килади. Республикада 32 миллиондан зиёд аҳолининг балиқ истеъмол қилиш меъёри 384 минг тоннани ташкил этади. KUN.UZ мухбири 24 апрель куни Халқаро Пресс-клубнинг "Балиқчилик: етти хазинанинг бири ёхуд ислоҳотларнинг янги босқичи" мавзусидаги сессиясида тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, бир киши бир йилда 12 килограммдан кам бўлмаган миқдорда балиқ истеъмол қилиши керак. Кўп давлатларда бу меъёридан ҳам ошади, яъни 40 килограммга ҳам етади. Бироқ Ўзбекистонда бу кўрсаткич ўртача 3 килограммни ташкил этади. Шу боис мамлакатимизда бугунги кунда бу борада туб ислоҳотлар бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни "Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Ушбу қарорга мувофиқ, мамлакатимизда биринчи марта балиқчилик соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий тизими тўлиқ шаклланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган мақсадли дастурлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси таъминланиб келмоқда. Ички бозорнинг сифатли ва арзон нархда балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш масалалари ҳамда балиқ маҳсулотларининг барқарор нархини сақланиши Халқаро Пресс-клуб майдонида муҳим муҳокама мавзусига айланди.
Тадбирда маълум қилинишича, бугунги кунда дунё бўйлаб жами 96 миллион тонна балиқ етиштирилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич йилига 450 тоннани ташкил қилади.
Балиқчилик соҳаси бўйича ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, ҳозирда Ўзбекистонда Россия, Венгрия, Вьетнам давлатлари билан балиқ човоқларини ишлаб чиқариш ва янги кўлларда балиқ етиштириш бўйича йирик ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларининг тоғолди ҳудудларида форель, осетр каби турдаги балиқларни етиштириш бўйича ишлар ҳам олиб борилади.
Бундан ташқари, қарорда кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам алоҳида эътиборга олингани таъкидланди. 2018-2019 ўқув йилидан олий таълим муассасаларида балиқчилик соҳасига бакалавр йўналишида қабул квоталари икки борабарга кўпайтириладиган бўлди. Тошкент Давлат аграр университети эса келгуси ўқув йилидан 6 нафардан магистр тайёрлашни бошлайди. Арнасой қишлоқ хўжалик ва транспорт ҳамда Қуйичирчиқ агро-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида эса балиқчилик соҳасида фаолият юритувчи кадрларни қайта ўқитиш курслари очилади.
Мавзуга оид
21:27 / 17.05.2024
Ўзбекистонда креветкани саноат усулида етиштириш лойиҳаси тасдиқланди
08:46 / 04.05.2024
Венгрия Ўзбекистонда балиқчиликни ривожлантириш учун грант ажратиши мумкин
11:58 / 11.04.2024
Венгрия Ўзбекистонга балиқчилик ва пластмассани қайта ишлаш соҳаларига сармоя киритади
15:04 / 05.12.2023