Матбуот эркинлиги индекси–2018: Ўзбекистон ҳамон матбуоти эркин бўлмаган давлатлар орасида
«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳар йиллик жаҳон давлатларида матбуот эркинлиги рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон 2017 йилги ўрнини 4 позицияга яхшилаб, 180 давлат ичра 165-ўринга жойлаштирилган. «Чегара билмас мухбирлар» мамлакатимиздаги сўз эркинлиги ҳолатини «мураккаб» деб баҳоламоқда.
Бунга сабаб қилиб, айрим важлар қаторида Ўзбекистонда кўплаб хорижий оммавий ахборот воситаларининг интернет-сайтлари блоклангани ҳам келтирилган. Қизиғи шундаки, рейтинг чиққан мазкур сайтнинг ўзи ҳам айни пайтда юртимизда блокланган.
Марказий Осиё давлатлари ичида қўшни Қирғизистоннинг «аҳволи» бир мунча яхшироқ. Айни пайтда улар рейтингнинг 98-ўрнига жойланган. Бироқ ўтган йили Қирғизистон рейтингда 89-ўринда эди.
Россия — 148, Тожикистон — 149, Қозоғистон — 158, Озарбойжон — 163, Хитой — 176, Туркманистон — 178-ўринда. Рейтингнинг энг сўнгги — 180-ўрни КХДРга берилган.
Анъанавий равишда Топ-3 ликка Шимолий Европа давлатлари Норвегия, Швеция, Нидерландия киритилган.
Германия — 15, Канада — 18, Франция — 33, Буюк Британия — 40, АҚШ — 45-ўринда бормоқда.
Матбуот эркинлиги рейтинги «маҳаллий журналистларнинг эркинлик даражаси»га кўра сараланган 180 та давлат рўйхатидан иборат.
У турли давлатлардаги журналистлар, юристлар ва социологларнинг махсус анкетасига берилган жавобларига кўра тузилади. Анкета саволлари журналистлар иши билан боғлиқ кенг доирали мавзуларни қамраб олади — қонунчилик, ўзини ўзи цензура қилиш, медианинг эркинлиги, фикрлар плюрализми, турли институтлар ва идораларнинг журналистлар билан ишлашга тайёрлиги ва ҳоказо.
Бундан ташқари, баҳолашда ўлдирилган, қамоққа ташланган журналистлар сони, шунингдек жиноий таъқиб қилинаётган блогерлар ва журналистлар ассистентлари каби айрим қўшимча мезонлар ҳам ҳисобга олинади.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:21 / 17.10.2024