Катта ёшли мухлисларимиз «илгари бу япон деганини йирик ҳисобда ютиб юрардик» деган гапларни кўп айтишади, ерга қараб эшитган бўлсам-да, ичимда «йўғ-е» деб қўярдим. Шуни бир текшириб қўйиш мақсадида таниқли футбол журналисти Владимир Сафаровнинг «Пахтакор»нинг 40 йиллигига бағишланиб ёзилган «Пахтакор»: Матч длиною в 40 лет» номли китобини варақлаб ўтириб, барчамиз учун севимли жамоа тарихидан жой олган учта воқеа эътиборимни тортди ва анча таъсирлантирди. Шуни сизларга ҳам илиндим.

(Дарвоқе, ҳақиқатдан ҳам Япония терма жамоасини нуқул ютган эканмиз. 1960 йилнинг кузида 6:1, 1963 йилнинг августида 1:0, 1976 йилнинг июлида 3:1 ҳисобларида. Сиз ҳам далил учун бирор жойга қайд қилиб қўйинг, келажак авлод «ичида гапириб» ўтирмайди, оғзингиздан чиқмасданоқ, ёқангизга ёпиштириши, ҳатто жиннига чиқариб қўйиши ҳам мумкин)    

ЗЕЗЕ МОРЕЙРА БОШ ЭГАДИ!

1964 йилда Уругвайнинг 20 карра чемпиони, Монтевидеонинг «Насионал» жамоаси Европа бўйлаб турне уюштиради. Тошкентга келиш олдидан уругвайликлар Швецияда «Гётерборг»ни 2:1 ҳисобида, Австрияда Дорнбирк терма жамоаси, Германияда Аугсбург шаҳри вакиллари ва Бельгияда «Льеж»ни бир хил – 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратади.  Шунингдек «Нюрнберг», «Торино» каби жамоалар билан дуранг натижа қайд этишади. Москвада «Спартак» билан 0:0, Киевда «Динамо» ва Олма-отада «Қайрат» билан ўтган учрашувлар мос равишда 2:0 ва 1:0 ҳисобида меҳмонлар фойдасига якун топади. Хуллас тўққизта учрашувда мағлубият нималигини билмаган Лотин Америкаси чарм тўп усталари Тошкентда сўнгги учрашувларини «Пахтакор»га қарши ўтказишганди.

Ушбу учрашув Ўзбекистонда жуда катта қизиқиш билан қарши олинди. Нафақат пойтахт, бошқа шаҳарлардан, ҳатто қўшни республикалардан ҳам мухлислар оқиб кела бошлади. Қизиқиш шу даражада эдики, чипта етмай стадион ташқарисида қолиб кетган минглаб ашаддий футбол мухлислари ўйин охиригача қайтиб кетишмаган, стадиондан келаётган шовқин-у олқишларга қараб майдонда бўлаётган ходисалардан хабар топишга ҳаракат қилишарди.

Шу ўринда барчамиз учун севимли «Ёр-ёр» фильмида буюк актёрлар Сойиб Хўжаев ва Ғани Аъзамовлар иштирокидаги стадион саҳнаси айнан ўша учрашув асосида тасвирга олинганлигини таъкидлашни истардим.

Меҳмонларнинг устози футбол оламида Зезе номи билан машҳур бўлган бразилиялик Альфредо Морейра эди. Унинг футболчилик фаолияти унчалик ҳам ёрқин кечмаган бўлса-да, буюк мураббий сифатида катта эътибор қозонган. Бразилиянинг «Флуминенсе», «Ботафого», «Сан-Паулу» каби клубларида ишлаган Зезе футбол оламига, ҳусусан Бразилия футболига машҳур 4-2-4 схемасини олиб кирган, айнан шу тизим ўнлаб йиллар мобайнида «бразилча усул» деб номланди ва жаҳон футболидаги тактик тараққиётни ўз ортидан эргаштирди.