Facebook ўз фойдаланувчиларига илк марта ижтимоий тармоқда эълон қилинган матнлар, фотосуратлар ва расмлар ёки видеоёзувлар ҳамжамият нормаларини бузиши ва ўчирилиши ҳамда қайси хатти-ҳаракатлар фойдаланувчиларни блокланишига сабаб бўлиши ҳақидаги ички қоидаларни ошкор этди, деб ёзади  RBK.

Ички стандартларни барчага ошкор этиш қарорини ижтимоий тармоқ раҳбарияти уни янада яхшироқ қилиш истаги билан тушунтиришди. Апелляция бериш имконияти эса йўл қўйилган хато-камчиликларни тўғрилашда ёрдам бериши керак. Бу ҳақда Facebook глобал сиёсат бўлинмаси раҳбари Моника Бикерт айтиб ўтган.

Фото: РИА "Новости"

Унинг сўзларига кўра, Facebook жамоаси сўз эркинлигини таъминлаш масалаларига турлича ёндашувни яхшироқ англаш, шу билан бирга вақти-вақти билан Facebook стандартларига ўзгартириш киритилишига сабаб бўлувчи хавфсизликни таъминлаш учун доимо турли мустақил экспертлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Бикерт хонимнинг таъкидлашича, бу ҳолда ижтимоий тармоқнинг бош принципларига асло ўзгартириш киритилмайди.

«Суҳбатни бошлар экан, одамлар уларга ҳеч нарса таҳдид солмаслигини билишлари керак. Гарчи кимларгадир ёқмаса ҳам Facebook инсонлар эркин фикр билдирадиган жой бўлиши керак. Сервисимизнинг глобал характеридан келиб чиқиб, албатта бу жуда мураккаб бўлади, мана нима учун холислик керак: биз изчиллик ва адолат билан стандартларимизни жамики жамоатлар ва маданиятлар учун қўллашга ҳаракат қилиб қилмоқдамиз», — дея тушунтирган Бикерт.

Бир вақтнинг ўзида, у тармоқда эълон қилинган хабарномаларни шикоятларга ажратувчи Facebook экспертлари (айни пайтда компанияда 7500 дан ортиқ бундай таҳлилчилар ишламоқда, бир йил ичида уларнинг сони 40 фоизга ошди) вақти-вақти билан хатоларга йўл қўйишаётганини ҳам инкор этмади. «Хатога йўл қўйиш инсонларга хос», — деди Бикерт.

Шу муносабат билан, унинг сўзларига қараганда, келгуси йил мобайнида Facebook постларни ўчиришга апелляция бериш тизимини йўлга қўйишни режалаштирган. Биринчи қадам сифатида яланғоч тана ёки шаҳвоний фаоллик тасвирланган фотосуратлар, нафрат ва нифоқ уруғи сочиш, тажовузкор матнлар ва зўравонлик саҳналари тасвири билан боғлиқ постларнинг ўчирилиши устидан шикоят қилиш имкониятининг пайдо бўлиши тилга олинмоқда.