“28 петель”. Бу муддатидан олдин туғилган чақалоқларга кийим-бош тўқиб берувчи хайрия гуруҳининг номи. Жажжи пайпоқчани тўқиш учун спицага айнан 28 та илмоқ (халқа) олиш керак бўларкан. Гуруҳ номи ҳам шундан келиб чиққан. Гуруҳнинг Тошкент бўйича координатори Елена Семерджиди бу хайрли иш қандай бошланганини шундай сўзлаб берди:

— Қозоғистонда вақти-соатидан олдин туғилган гўдакларга ўз қўллари билан кийим-бош тўқиб тарқатувчи инсонлар борлигини эшитиб қолдим. Шифокорлардан сўраб-суриштирсам, бундай чақалоқларда тана ҳароратининг доим бир хил бўлиб туришини назорат қилувчи тизим жуда суст “ишлайди”. Боланинг вазни қанча кам бўлса, организмнинг иссиқлик йўқотиш эҳтимоли шунча юқори бўлади. Оқибатда чақалоқ она сутини яхши ҳазм қилолмаслиги, инфекцияларни тез юқтириши, нафас етишмовчилиги каби ҳолатлар юзага келиши мумкин. Шунинг учун миттивойларнинг тана ҳароратини 36,5 – 37,5 даража оралиғида ушлаб туриш ниҳоятда муҳим. Жундан тўқилган нимчалар, шапка, пайпоқчалар уларни иситишга ёрдам беради. Айнан жундан! Негаки, жун одамни яхши иситади, натижада қон томирлари кенгайиб, қон айланиши яхшиланади. Айниқса, қўй жуни ҳеч қандай аллергия қўзғатмайди. Табиий жун толасидан тўқилган кийимлар шу тариқа вазни ўта кичик чақалоқларга ҳаётидаги бу мураккаб босқични енгилроқ бошдан ўтказишларига кўмак беради. 

Фото: “28 петель” хайрия гуруҳи

Бу маълумотларни билгач, ўйлаб қолдим. Бизнинг юртимизда ҳам ҳар куни ўнлаб чақалоқлар белгиланган муддатидан олдин туғилади. Тўқишни-ку биламан, бўш вақтим ҳам бор. Нега энди уларга ёрдам қўлини чўзмаслигим керак?

Инстаграмдаги саҳифамга шу фикрларни ёзганимда бор-йўғи беш киши менга хайрихоҳлик билдирди. Биз биргалашиб чақалоқлар ва уларнинг оналарига ёрдам беришга келишиб олдик. 2017 йил 17 апрель куни биринчи марта ўзимиз тўқиган кийимлар комплектини Республика перинатал марказига топширдик. Ўшанда шунақанги ҳаяжонланганмизки... Совғамизни туғуруқ бўлимидагилар қабул қилиб олишганидан сўнг эса ўзимизни бениҳоя бахтли ҳис қилганимиз ҳамон ёдимда.  

Фото: “28 петель” хайрия гуруҳи

Ҳозир гуруҳимиз сафи анча кенгайган. Адашмасам, 60дан ортиқ йигит-қиз бор. Улар мунтазам равишда кийимчалар тўқиб беришади. “Янгиларга” эса агар билишмаса, тўқишни ҳам ўргатамиз. Улар чақалоқларга илк туҳфасини ўз “ҳисоби”дан, яъни ўзи харид қилган ипдан тўқийди. Кейинчалик “ҳомий”ларимиз олиб берган иплардан фойдаланишади. Биз “ҳомий” деб атасак-да, аслида, улар биздек оддий одамлар. Бирининг бошидан шу ҳолат ўтгани, яъни фарзанди “чала” туғилганида бунинг қийинчилигини ўз танасидан ўтказгани, бошқаси эса инсонийлик нуқтаи назаридан бизга ип ва тўқиш анжомларини олиб беришади.