27 апрель куни КХДР раҳбари Ким Чен Ин ва Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин 1950 йилда бошланган ва 1953 йилгача қуролли тўқнашувлар кўринишида давом этган Корея урушига барҳам бериш борасида келишиб олишди. Давлат раҳбарлари сўзларига кўра, тинчлик битими 2018 йил охирида имзоланади.

Фото: WTOP

Бу иккита Кореянинг сўнгги 65 йил ичида бирлашиш учун қилган илк ҳаракати эмас: мамлакатлар бир неча марта ярашиб олишга ва ҳатто қўшилишга уриниб кўришган, аммо муносабатлар ҳар гал ёмонлашаверган.

Бирлашиш учун илк ҳаракат

Шимолий ва Жанубий Корея биринчи марта 1971 йилда музокара ўтказиб, бирлашишнинг асосий тамойилларини белгилаб олишди. 1972 йилда қабул қилинган «Шимол-Жануб» келишувига асосан, бирлашув учта шартнинг бажарилиши асосида юз бериши лозим эди: иккита Кореянинг мустақиллигини сақлаб қолиш, миллий бирликка олиб келувчи тинч воситаларни қўллаш, мафкура ва тизимдаги фарқларга барҳам бериш.

Жануб ва Шимол ўртасида ўзаро ишонч муҳитини яратиш ва кескинликни юмшатиш учун, ҳар иккала томон бир-бирини ҳақорат ва туҳмат қилмаслик, қуролли тўқнашувларни амалга оширмаслик ва уларнинг олдини олишга рози бўлишди.

1972 йилда қабул қилинган «Шимол-Жануб» декларациясидан

Аммо бу келишув ҳар бир мамлакатнинг фақат ўз манфаатини кўзлаши туфайли амалга ошмай қолди. СССР томонидан қўллаб-қувватланаётган Шимолий Корея жанубликларни иттифоқдошлари - АҚШ ва Япониядан узоқлаштиришга ҳаракат қилди. Жанубий Корея раҳбари Пак Чон Хи эса музокаралардан ўз авторитар ҳокимиятини кучайтириш воситаси сифатида фойдаланди.

Фото: Wilson Center

Корея Демократик Конфедератив Республикаси

Шимолий ва Жанубий Корея деярли мулоқот қилмаганида ҳам, бирлашишга чақириқлар бўлган. 1980 йили КХДР раҳбари Ким Ир Сен Корея Меҳнат партиясининг VI қурултойида Корея Демократик Конфедератив Республикасини ташкил қилишни таклиф этди. У иккита тизимли давлат - иккита ҳукумат, иккита мафкура, бироқ битта миллат, битта мудофаа вазирлиги, битта ташқи сиёсатга асосланган давлат бўлиши лозим эди.