Бугун Мадридда Чемпионлар Лигасининг дастлабки финалчиси аниқланади. Нафақат финалчи, нариги жуфтлик жамоаларига ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, айнан бугунги учрашув ғолиби Киевда фаворит сифатида майдонга тушиши аниқ. Зеро, «Реал» ҳам, «Бавария» ҳам мусобақанинг сўнгги босқичларида доимий иштирокчи бўлиб улгуришган.

Ўтган йили қаторасига ютган илк жамоага айланган «Реал» энди учинчи марта ютишга ҳам яқин турибди. «Бавария» учун ҳам «Реал» ўзига хос рақиб, немислар ЕЧЛни ютган ҳар икки мавсумда ҳам ярим финалда айнан «Реал» тўсиғидан ўтилган. 

УСТУНЛИК КИМДА?


Тўғри, сафардаги ўйиндаги ғалаба «Реал»нинг устунлигини таъминлайди, лекин ушбу жамоалар ўртасидаги аввалги тўқнашувлар сценарийси ҳали ҳеч нарса аниқ эмаслигидан далолат беради. Мисол учун, ўтган йили «Реал» сафарда худди шундай ҳисобда ғалаба қозонган, аммо жавоб учрашувида муаммоларга дуч келганди. «Бавария» умумий ҳисобни тенглаштирган ва фақат қўшимча вақтларда бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган «Реал» бир неча гол уриб, вазиятни ўз томонига оғдириб қолганди. Узоққа бормасдан, чорак финалдаги «Ювентус» билан ўйинларни эслаш мумкин – Зидан шогирдларига ҳатто 3:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қолиш ҳам осон бўлмади.

Аммо «Ювентус»га қарши чорак финал ва айниқса, «Бавария»га қарши аввалги ўйинлар мадридликларнинг учрашувга анча жиддий тайёрланишларига асос ҳам бўлади ва концентрация бобида мезбонлар муаммога дуч келишмаса керак. Хуллас, кимнидир устун дейишдан ўзимизни тийсак ҳам, бажарилиши керак бўлган вазифа борасида «Реал»га осонроқ деб бемалол айта оламиз.

ТАРКИБЛАР

Оптимал таркибни тушириш ва танловлар борасида, худди биринчи ўйиндаги каби Ҳайнкеснинг муаммолари каттароқ дейиш мумкин. Ўтган ўйинда сафдан чиққан Роббен ва Боатенгнинг ўрнини тўлдириш қийин. Шунингдек, Артуро Видал, Кингсли Коман каби футболчилар ҳали ҳам жароҳатдан тикланиб улгуришмади. Чап қанотга Давид Алабанинг қайтиши мумкинлиги немис жамоаси мухлисларига бироз ижобий кайфият берса керак, зеро Мюнхендаги ўйинда чап қанотда Рибери анча ёлғизланиб қолганди. Рафинья австриялик футболчининг айнан ҳужум уюштиришдаги вазифаларини тўлиқ уддалай олмаганди. Мадридга келган футболчилар орасида Давид Алаба ҳам бор.

Мезбонларда асосий савол – Карвахалнинг ўрнини ким босади? Испаниялик бир қатор мутахассислар Мюнхендаги ўйиннинг охирларида деярли ўнг қанот ҳимоясида яхши ҳаракат қилган Лукас Васкеснинг асосий таркибда шу позицияда тушишини тахмин қилишмоқда, аммо бундай жиддий ўйинда, айниқса, рақибнинг асосий қуролига (Рибери)  қарши Зидан бундай таваккалчиликка бормаса керак. Начо деярли тикланиб улгурди ва икки кундан бери умумий гуруҳда шуғулланмоқда. Ҳимоянинг ўнг қанотидан айнан Начо жой олса керак.