Швецияда уч киши терактга тайёргарлик кўришда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда TT агентлиги вазиятдан хабардор манбага асосан хабар бермоқда. Бундан ташқари, яна бир неча киши сўроқ қилиш учун полиция бўлинмасига олиб келинган.
Нашр маълумотларига кўра, полиция бир неча ой давомида асли келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган гумонланувчи шахсларни кузатган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари маълумотига кўра, айни дамда яқин вақт ичида теракт содир этиш режалари бўйича ҳеч қандай белгилар йўқ.
Гумонланувчилардан камида бир нафари 2017 йилнинг апрелида Стокҳольмда теракт содир этган ва ҳозирда устидан суд кетаётган Раҳмат Оқилов билан аввал алоқада бўлгани айтиляпти.
Полиция мамлакатдаги таҳдид даражаси ўзгаришсиз – беш даражадан учинчисида қолаётгани ҳақида хабар берди.
















