KUN.UZ таҳририятига республиканинг турли нуқталаридан мурожаатлар келиб тушмоқда. Хақли мурожаатларни ўрганиш учун мазкур ҳудудларга хизмат сафарлари уюштириб турамиз. Бу сафар Самарқанд вилоятига ташриф буюрдик. Боиси, биз ташриф буюрган ҳудуд фаоллари туман ҳудудидан ўтган камида 5 километрдан ортиқ жамоа мулки - газ қувурлари баъзи мансабдор шахслар томонидан йўқотиб юборилганлиги ҳақида мурожаат қилишган эди.

Вилоятнинг Жомбой тумани “Бешбола” маҳалласи фаоллари билан учрашувда улар муаммони ётиғи билан тушунтиришди. Айтишларича, Жомбой туманига 1968 йил Булунғур тумани ҳудудидан газ тортиб келинган. Ўша вақтлар хусусий мулк бўлмаганлиги сабабли бу мулк жамоа мулки сифатида ҳудуд балансида турган. Мазкур қувурнинг узунлиги 11,5 километр бўлиб, унинг диаметри 219 миллиметр, қалинлиги 8 миллиметрни ташкил қилган. Баъзи номаълум сабабларга кўра, 2017 йилдан мазкур ҳудудларда газ берилиши бутунлай тўхтатилган. Газ қувуридан умуман фойдаланмай қўйилган. Ҳозирда эса аҳоли куз-қиш мавсумини ўтин билан ўтказиб келмоқда.

Тегишли идораларнинг бир неча қарор, буйруқ ва фармойишларига асосланиб, табиий газ етиб бормайдиган ҳудудлардаги газ қувурлари ва газ тақсимлаш қурилмаларини демонтаж қилиш (тугатиш) тўғрисидаги топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида, мазкур ҳудудларда газ қувурларни кесиш ёппасига “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг демонтаж қилувчи ишчи гуруҳи томонидан бошлаб юборилган. Унитар корхона энди ҳудуддаги газ трубаларини ўз балансига ўтганлигини таъкидлашган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қонунчилиги бўйича унитар корхонада ўзига бириктирилган мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи бўлмайди. Яъни, корхона мулкни сотиш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ корхона аллақачон қонунни четлаб ўтишни бошлаб юборган.


Туман ҳокимлигидан келиб газ қувурларини кесаётган шахсларга аризачилар мурожаат қилган чоғда улар юқоридан топшириқ келганлигини айтишиб, ҳеч қандай ҳужжатларни кўрсатмай, кесилаётган қувурлар Ургут туманида олиб борилаётган қурилиш ишларига ишлатилишини айтишган. Лекин бу ҳудуднинг кейинчалик газ билан таъминланиш масаласи ўйлаб ҳам кўрилмаган. Аҳолининг мурожаат қилмаган ташкилоти қолмаган. Мурожаатчилар энг қуйи поғонадан бошлаб энг юқори поғона вакилларигача мурожаат қилиб келган. 2017 йил Бош прокуратурадан келган шахслар халқ қабулида бўлган пайтда уларга учта папкадан иборат ҳужжат (мурожаатлар, жавоб хатлари ва бошқалар) кўрсатилганда, вакиллар ҳужжат бўйича 1128 метрга газ қувурлари кесиб олинишига рухсат берилганлигини айтиб, қолганини нега кесишади, биз буни, албатта, охирига етамиз, деб ваъда беришган. Вазият ўша-ўша, ваъда эса кун сайин қаримоқда. Ортиқча кесиб олинган қувурлар миқдори ўша вақтда тахминан эркин баҳоловчилар томонидан 3 миллиард сўмдан ортиққа баҳоланган. Муаммо шу кунгача ижобий ҳал этилмаган.