Технология | 15:25 / 04.05.2018
9387
1 дақиқада ўқилади

Японияда учар автомобилнинг илк синовлари ўтказилади

Фото: Toyota

Японияда учар автомобиль прототипи кенг кўламда синовдан ўтказишга тайёр. Sankei газетаси хабарига кўра, синов май ойида Айти префектурасидаги Тоёда шаҳрида жойлашган полигонда пилотсиз автоматлаштирилган режимда ўтказилади. Бу ерда Toyota Motor заводлари жойлашган.

Машина тўртта винтга эга бўлиб, улар унга худди квадрокоптер каби учиш имконини беради. У автомобиль режимида учта ғилдиракда ҳаракатланади. Машина узунлиги – 3,7 метр, баландлиги – 1,5 метр. Тахминларга кўра, автомобиль икки кишига мўлжалланган.

Лойиҳачилар режасига кўра, машина 10 метргача баландликка кўтарилиши ва соатига 100 километр тезликда парвоз қилиши мумкин. Нашр маълумотларига кўра, уни ишлаб чиқиш Токиода 2020 йилда бўлиб ўтадиган Олимпиадагача бутунлай якунланади. Тахминларга кўра, учар автомобиль Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади. Шунингдек, айнан учар автомобиль ҳайдовчиси Олимпия машъаласини ёқиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид