Бугун «Kun.uz»га ноодатий шаклдаги мурожаат келди. Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи ўқувчилардан бири қўнғироқ қилиб, журналистларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси биноси олдига чақирди.

«Бош прокуратурага келинглар. Бугун Бош прокурорнинг қабул куни. Анча вақтдан буён  фуқароларни ҳеч ким қабул қилмаяпти. Оммавий ахборот воситасига мурожаат қилишдан бошқа йўл қолмади. 50 чоғли одам йиғилган. Бизга ёрдам беринг. Бизни бошқа ҳеч ким эшитмаяпти…», деди у.

Зудлик билан Бош прокуратура томон ҳаракатландик.

Йўл-йўлакай баъзи воқеаларни ёдга олиб кетдик. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили Тошкент вилоятига сафари якунида ўтказилган йиғилишда прокуратура органи ходимларини қаттиқ танқид қилган эди.

«Ҳамма аравани бирдек тортиши керак. Одамларни рози қилиш керак. Прокурор қачон яхши яшайди? Халқ яхши яшаса! 

Халқ манфаати биринчи ўринда бўлиши керак! Прокурор шундан хулоса қилиши керак!

Ҳамма эшитсин: Биз учун ҳеч ким авторитет эмас. Фақат халқ, фақат халқ ва яна бир марта фақат халқ. Мендан бошлаб ҳаммамиз халққа хизматкормиз», дея таъкидлаган эди мамлакат президенти.

Мазкур кўрсатмалардан сўнг жамиятда нималар ўзгармоқда? Прокуратура тизимида-чи? Ростдан ҳам прокуратура органи ходимлари томонидан халқ мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмоқдами?

Prokuratura.uz сайтида «интерактив хизматлар» бўлими мавжуд. Мазкур бўлимда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қабулхонасида фуқароларни қабул қилиш жадвали бор. Бугун май ойининг биринчи жумаси. Соат 11:00дан соат 13:00гача Бош прокурор О.Муродовнинг қабул куни. Ростдан ҳам фуқаролар қабул қилинмоқдами ёки йўқ бунга гувоҳ бўлиш учун етиб бордик.