Жаҳон | 07:24 / 05.05.2018
12438
1 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг серқатнов авиайўналишлар маълум қилинди

Фото: РИА Новости/Александр Вильф

Британияинг OAG компанияси таҳлилчилари дунёдаги энг серқатнов 20 та авиайўналишдан иборат рейтингни тузишди. Унга кўра, Сингапурдан Куала-Лумпурга йўналиш энг серқатнов авиайўналиш деб топилди: 2017 йилнинг февралидан 2018 йил февралигача бу йўналиш бўйича 30,5 мингдан кўпроқ парвоз амалга оширилган.

Маълум қилинишича, энг серқатнов 20 та авиайўналишдан 14 таси Осиё бўйлаб ўтади ёки Осиёдан бошқа қитъаларга чўзилади. 2-ўринга Ҳонгконгдан Тайбэйга йўналиш (йилига 28,8 мингдан кўпроқ парвоз), 3-ўринга Сингапурдан Жакартага йўналиш (23,7 мингдан кўпроқ парвоз) қўйилган.

Рўйхатга кўра, Осиё ташқарисидан ўтувчи 5 та энг серқатнов йўналиш бор. Булар: Нью-Йорк (Ла-Гуардия аэропорти) — Торонто, Дубай — Кувайт, Дублин — Лондон (Хитроу), Амстердам — Лондон (Хитроу) ва Чикаго — Торонто.

Нью-Йоркнинг Жон Кеннеди номидаги аэропортидан Лондоннинг Хитроу аэропортигача йўналиш бу рўйхатга киритилган ягона узоқ масофали йўналиш бўлган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид