Тошкент шаҳар Иқтисодий суди Аппеляция инстанциясининг 2018 йил 5 мартдаги №1001-1731/15747-сон қарорида “одамзот томонидан яратилмаган журнал” ҳақида сўз боради. Қандай қилиб журнал, яъни босма нашрда қоғоздан тайёрланган маҳсулот ўз-ўзидан пайдо бўлди?

Гап шундаки, тадбиркор Анвар Жалолов “Ҳисобот журнали” номи билан маҳсулот чиқариб, уни узоқ йиллардан буён сотувга қўйиб келган. Бу журнал Жалоловнинг илмий иши натижасида яратилган.

Лекин 2017 йилнинг августида мазкур маҳсулот ўзбошимчалик билан ўзлаштирилиб “Spectrum media group” MChJ (SMG корхонаси) томонидан сохта (контрафакт) товар сифатида бозорда сотилган. Буни кўрган Жалолов, аввалига, ўз муаллифлигини асослаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилганди. Унинг хулосасини олгач, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ​Департаменти Тошкент шаҳар Чилонзор туман бўлимига мурожаат қилган. Департамент аризачига судга мурожаат қилишни тавсия этган. Кўрсатма бўйича Жалолов Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилган. Бу суд, табиийки, Агентликнинг хулосаси асосида даъвогарнинг даъвосини қондирган ва сохта маҳсулот ишлаб чиқарган тадбиркорга қонунда белгиланган чораларни қўллаган. 

Шу билан адолат тантана қилди, деб бу хабар якунланиши керак эди, лекин қизиқ воқеалар шундан сўнг рўй бера бошлади. Аввалига сохта маҳсулот ишлаб чиқарган тадбиркор – SMG корхонаси ўзининг хатти-ҳаракатларини нотўғри эканлигини тан олди, кичик миқдорда товон тўлашини муаллифга билдирди ва бунинг эвазига муаллиф ўзининг барча талабларидан воз кечиши зарур эди. Бўлмади, келтирилган зарар ҳажмида келиша олинмади. Шундан сўнг жавобгар томон апелляция инстанциясига мурожаат қилди.

“Апелляция инстанциясида иштирок этаётган пайтда ва суд якунида эълон қилинган қарорни эшитганда қандайдир туш кўраяпман, деб ўйладим”, – дейди А.Жалолов. – “Судьяларнинг мулоҳазасига асосан, эмишки, журнал одамзот томонидан яратилмаган, у ижодий меҳнат маҳсули эмас ва якка тартибда ишлаб чиқарилмаган. Ваҳоланки журнал муқовасида менинг исмим ва фамилиям ёзиб қўйилган. Бундай хулосадан мақсад шуки, агар мени одам эмас деб топишса, унда мендаги муаллифлик ҳуқуқи йўқолади, демакки, бундай ҳуқуқ жавобгар томонда пайдо бўлади”.

Шундай ҳам бўлди. Апелляция судининг юқорида тилга олинган Қарори асосида бугунги кунда саккиз йилдан буён журнални чиқариб юрган, бир неча ўн минглаб одамларга бу маҳсулотдан қандай фойдаланиш юзасидан семинарлар, рекламалар уюштириб маҳсулотни харидоргир қилган ҳақиқий муаллиф – муаллиф эмас, деб топилди.